МОЛИЯ

МОЛИЯ — мақсадли пул фондларини ҳосил этиш, жамлаш, тақсимлаш ва ишлатиш юзасидан пайдо бўладиган иқтисодий муносабатлар. Молия иқтисодиётнинг пул секторида юзага келади ва даромадлар асосида юз беради. Пул сектори пул ва пулга тенглаштирилган активларнинг ҳаракати бўлиб, бунинг натижасида пул фондлари вужудга келади. Мақсадли пул фондлари — бу Молия ресурслари ёки Молия объектидир. Молия субъекти шу фондларни яратиш, тақсимлаш ва ишлатишда иштирок этувчилар, яъни корхоналар (фирмалар), турли хўжаликлар, хонадонлар, нодавлат жамоат ташкилотлари ва давлат идораларидан иборат. Молия даромад ҳосил қилиш ва уни сарфлашни англатади. Даромадлар илк бор, яъни бирламчи тақсимланганда корхона, давлат ва хонадон Молияси юзага келади. Бу ўринда бирламчи даромадлар ҳосил бўлади, корхона М. фондларини ташкил этади, ишловчилар иш ҳақи олади ва бу хонадон даромадини ҳосил этади, корхоналар бюджетга солиқ тўлайдилар ва бу давлат даромадини юзага келтиради. Даромадлар иккиламчи тақсимланганда бюджетдан транс-фертлар (тўловлар) ва турли махсус фондлар ажратилади. Даромадлар кайта тақсимланганда турли нодавлат ва жамоат ташкилотлари корхоналардан, аҳолидан ва бюджетдан пул олиб, ўзининг махсус фондларини ҳосил этади. Молия пул муносабатлари сифатида иқтисодиётда муҳим вазифаларини бажаради: 1. Тақсимлаш вазифаси — жамият даромади бўлган ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) пул, қиймат шаклида иқтисодиёт субъектлари ўртасида бўлинади, улардан ҳар бири ўз ҳиссасини олади, ўз даромадига эга бўлади. 2. Ривожлантириш вазифаси — М. фондларидан пул бериш орқали иқтисодиёт субъектларининг фаоллиги юзага келтирилади. Рағбатлантириш Молия воситаларини қўллаш орқали, чу-нончи мукофотлаш, субсидия, субвенция ажратиш, жарима солиш, санация ва солиқларни қўллаш воситасида амалга оширилади. Бозор шароитида асосий рағбатлантириш воситаси солиқ ҳисобланади. Солиқдан имтиёзлар бериш солиқ тўловчиларни қўлига теккан даромадини оширади. Мақсадли имтиёзлар уларни яхши ишлашга ундайди. 3. Ижтимои й ҳимоя вазифаси — ночор аҳоли қатламлари давлатдан, корхона ва хар хил нодавлат ташкилотларидан ва пулдор фуқаролардан молиявий ёрдам олади. Мазкур вазифани давлат бюджетининг ижтимоий ҳимоя учун ажратилган маблағлари бажаради. 4. Ахборот бериш вазифаси — мамлакат ва айрим субъектларнинг молиявий аҳволи ҳақида ахборот. Молиявий аҳволни тавсифловчи ахборот (кўрсаткичлар) иқтисодиётга ташҳис қўйишга хизмат қилади. 5. Назорат вазифаси — молиялаштириш йўсинида ажратилган пулни нақадар мақсадли ишлатилишини пул берувчилар назорат қиладилар. Шу пулни ўринли ёки ўринсиз ишлатилишига қараб молиялаштириш кўпайтирилади, қисқартирилади ёки умуман тўхтатилади.

Миллий иқтисодиётнинг бўғинларига қараб турли даражада Молия амал қилади. Унинг асосий бўғини қуйи даражадаги ёки микромолиядир. Бунга корхона Молияси (буни корпоратив Молия деб юритилади), хонадон Молияси, жамоат ташкилотлари Молияси, суғурталаш Молияси кабилар киради. Давлат Молияси макродаражадаги Молияни ташкил этади ва миллий манфаатларга хизмат қилади. Ниқоят миллий иқтисодиётнинг энг юкрри даражаси бу метимолия бўлиб, бу табиатан халқаро Молия муносабатлари ҳисобланади, мамлакатлараро юз беради, халқаро Молия ташкилотлари орқали амалга оширилади. Турли даражадаги Молия ўзининг кўлами билан ажралиб туради. Молия турли даражадаги молиялаштириш усуллари жиҳатидан ҳам фарқланади. Корхона, суғурта ва хонадон Молияси ўзини ўзи молиялаштириш қоидасига таянади. Давлат молияси бюджетдан молиялаштириш тамойилларини қўллайди. Турли нодавлат ташкилотлари ва жамоат ташкилотлари қисман ўзини ўзи молиялаштиради. Миллий иқтисодиётнинг моҳияти ва функциялари молия тизими фаолиятида ўз ифодасини топади.

Аҳмаджон Ўлмасов.