МОҲОНДАРЁ

МОҲОНДАРЁ — Бухоро вилоятидаги қуруқ ўзан. Уз. 58 км (кум босган сорили билан ҳисоблаганда 150 км), эни 25 — 250 м. Зарафшон дарёси қадимда шу ўзандан оқиб, Амударёга қуйилган. М. Яккатут қишлоғидан бошланиб, шим,-ғарбий, сўнг жан.-ғарбий йўналишда давом этган ва Чуқуркўл, Моҳонкўл, Ўртакўл ва Чандиркўлларни ҳосил қилган. Моҳонкўлдан сўнг иккига бўлиниб, шим. дагиси Моҳондарё ва жан. дагиси Гужайли (Бу жойли) ёки Гурдуш деб аталган. Шим. тармоқ, ўз навбатида, иккига ажралиб яна бир қанча майда кўллардан ўтиб, Чоржўй (ҳоз. Туркманобод) ш. дан 100 км куйида Амударё билан туташган.

1950—64-й. ларда акад. Я. Ғ. Ғуломов раҳбарлигида археологик экспедиция М. водийсида текширишлар олиб борди. 1960—61 ва 63 й. ларда Моҳондарё бўйлаб Лўҳликўл, Эчкиқирон, Кичиктузкон ва Каттатузкон кўллари атрофида 4—3 минг йилликка оид 40 дан ортиқ неолит даври маконларининг қолдиклари, шунингдек, Замонбобо ва Кичиктузкон атрофида мил. ав. 2-минг йилликка тааллуқли 20 дан ортиқ жез даври ёдгорликлари топиб текширилди. Археологи к тадқиқотлардан маълум бўлишича мил. ав. 4—3минг йилликларда Моҳондарё ва Гужайли ўзанлари орқали Зарафшон дарёсининг оқими узлуксиз равишда Амударёга қуйилиб турган. Мил. ав. 2-минг йиллик бошларида Моҳондарёнинг оқими сусайиб, қуйи қисми сувсизликдан қуриб қолган ва Зарафшон Амударёга қуйилишдан тўхтаган. Аммо унинг юқори қисмига сув келиб турган. Зарафшон дарёсидан йирик суғориш каналлари чиқарилиб, дарё сувининг экин далаларига таралиши натижасида қад. Моҳондарё тамоман сувсизликдан қуриб қолган.

Ад. ҳ Муқаммаджонов А. Р., Қуйи Зарафшон водийсининг суғорилиш тарихи (қадим даврдан то XX аср бошларигача), Т., 1972.