МОДАЛ СЎЗЛАР

МОДАЛ СЎЗЛАР (лот. modalis — ўлчов, усул) — сўзловчининг ўз фикрига турлича муносабатини англатадиган ва фикрнинг аниклиги, ростлиги, гумонли ёки шартлилигини ифодалаш учун хизмат қиладиган сўзлар; шаклан ўзгармаслиги билан тавсифланади, ran бўлаги вазифасида келмайди, гапнинг бошқа бўлаклари билан синтактик алоқага киришмайди; бутун фикрга ёки унинг бирор қисмига тааллукли бўлиб, одатда, кириш сўз бўлиб келади. Модал сўзлар 2 катта гуруҳга бўлинади: фикрнинг аниқлигини ифодаловчи Модал сўзлар Буларга ростлик, тасдиқ-ишонч, қатъийликни билдирувчи сўзлар (дарҳақиқат, ҳақиқатан; албатта, шубҳасиз, сўзсиз ва ш. к.) киради. Фикрнинг ноаниқлигини ифодаловчи Модал сўзлар Буларга тахмин, гумон, тусмол каби маъноларни ифодаловчи сўзлар (шекилли, чоғи, чамаси; эҳтимол, балки, афтидан ва б.) киради. Модал сўзлар нутқда пауза, ёзувда вергул билан ажратилади. Модал сўзлар такрор қўлланса ёки эмоционал мазмунли сўз билан бирга келса, маъно кучаяди. Сўзлашув нутқида бирдан opтик модал сўз қўлланиши мумкин. Модал сўзларни фикрнинг ўзаро муносабати (хуллас, демак, бинобарин, қисқаси, умуман, масалан, чунончи, жумладан, аксинча, аввало, авваламбор, ниҳоят), эътиборни тортиш (айтгандай, айтмоқчи, зотан), таъкид (хусусан, айниқса), эмоционал маъно (кошки, зора, яхшиямки, хайрият, аттанг, афсуски, ажабо) кабиларни англатувчи модал маъноли сўзлардан фарклаш керак. Модал сўзлар ва модал маъноли сўзлар ўзаро яқин бўлиб, уларнинг ҳар бирига хос белги-хусусиятларни аниқлаш функционал грамматиканинг долзарб вазифаларидандир.

Ибодулла Мирзаев.