МИРЗАЧЎЛ ТУМАНИ

МИРЗАЧЎЛ ТУМАНИ — Жиззах вилоятидаги туман. 1967 й. 9 янв. да ташкил этилган. Шим. дан Қозоғистон, шим.шарқдан Сирдарё вилояти, жан. дан Жиззах вилоятининг Дўстлик, ғарбдан Фориш, Арнасой туманлари билан чегарадош. Майд. 0,42 минг км2. Аҳолиси 49 минг киши (2002). Мирзачўл туманида 1 шаҳар (Гагарин),7 қишлоқ фуқаролари йиғини (Боғбон, Ипакйўли, Мирзадала, Пахтазор, Тошкент, Янгидала, Ўзбекистон) бор. Маркази Гагарин ш.

Табиати. Мирзачўл тумани рельефи пастгекисликдан иборат. Иклими кескин континентал, қуруқ, қишда совуқ, ёзи иссиқ. Ўртача т-ра янв. да —1,5°, июлда 30°; минимал т-ра —30° (янв. да), максимал т-ра 42° (июлда). Вегетация даври 224 кун. Йилига ўртача 240 мм ёғин ёғади. Тупроғи оч бўз ва шўрхок тупроқ. Ёввойи ўсимликлардан қўнғир-бош, шувоқ, янтоқ, шўра, ранг, илоқ, қиёқ, қамиш, итузум, қушқўнмас, шамак, юлғун, ёввойи жийда, терак, тол ва б. ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан қуён, тувалоқ, тулки, чиябўри; кемирувчилардан каламуш, юмронқозиқ, дала сичқони; судралувчилардан тошбақа, илон, калтакесак, қушлардан чўл бур-гути, ёввойи ўрдак бор.

Хўжалиги. Туман хўжалиги, асосан, қ. х. га ихтисослашган. Саноат, транспорт, алоқа, қурилиш корхоналари фаолият кўрсатади. Пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик, чорвачилик б-н шуғулланилади. Туманда кичик, хусусий корхоналар мавжуд. Мирзачўл туманининг жами экин майд. 28,2 минг га, шундан 13,8 минг га пахта, 11 минг га бошоқли дон, 1,2 минг га дуккакли экинлар, 321 га майдонга полиз экинлари экилади. Деҳқонфермер, жамоа, бўрдоқичилик ҳамда 9 ширкат хўжалиги бор. Туман ҳудудидан магистрал т. й. ўтган. Сирдарё — Жиззах, Қозоғистоннинг Еттисой тумани — Пахтакор, Гулистон — Гагарин автомобиль йўллари мавжуд. Туман ширкат ва шахсий хўжаликларида қорамол, қўй ва эчки, парранда боқилади.

Мирзачўл туманида автокорхона, пахта тозалаш з-ди, ижара корхонаси, акциядорлик жамиятлар, савдо, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бор. 18 умумий таълим мактаби (4200 га яқин ўқувчи), лицей, коллеж, 11 клуб, 11 кутубхона, 4 маданият ва истироҳат боғи, 7 стадион, ёдгорлик монументлари мавжуд. 4 касалхона, 3 нодавлат тиббий муассаса, 5 қишлоқ врачлик амбулаторияси, 2 фельдшер-акушерлик пункти, 10 дорихона фаолият кўрсатмоқда.

1968 й. дан «Мирзачўл овози» (аввалги «Дўстлик») газ. чиқарилади.