«МИЛЛИЙ ИТТИҲОД», «Иттиҳоди тараққий» — Туркистон жадидлари томонидан ташкил этилган яширин ташкилот (1920—25) Мунавварқори ва Садриддинхон Шарифхўжаев ташаббуси б-н Тошкентда тузилган. «Турк адам марказият (федералистлар) фирқаси» (1917 й., июль) «Иттиҳод ва тараққий» («Иттиҳоди тараққий», 1917 — 20) яширин ташкилотлари асосида ташкил топган. «Миллий иттиҳод» большевиклар режимига қарши курашда совет муассасаларида хизмат қилаётган миллий раҳбар ходимларга таянган ва ўз олдига Туркистонда миллий мустақил давлатни барпо этишни бош мақсад қилиб қўйди.
«Миллий иттиҳод»нинг ўзагини ўз Ватанининг мустақил бўлиши йўлида курашга тайёр бўлган тараққийпарвар зиёлилар ташкил этдилар.
«Миллий иттиҳоди» ташкилоти фаолиятида Мунавварқоридан ташқари, Т. Жонузоқов, Ашурали Зоҳирий, У. Асадуллаҳўжаев, Сайд Аҳрорий, С. Шарифхўжаев, Салимхон Тиллахонов ва б. муҳим роль ўйнашди. 1920 й. дан бошлаб ташкилотнинг Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм шўъбалари ташкил қилинди. 1920 й. нояб. да Мунавваркррининг Бухорога бориши ва Бухоро Халқ Совет Республикаси Маориф нозирлигида вақф бўлими мудири вазифасида ишлаши билан ташкилот маркази Тошкентдан Бухорога кўчди. Бухорода 5 кишидан иборат Марказий Қўмита ташкил қилиниб, унга Саъдуллахўжа Турсунхўжаев, Абдуқодир Қуш-бегиев ва б. киритилади. Ташкилот қайта тузилиб, унинг янги дастури ва низоми ишлаб чиқилади, мухри тасдиқланади. Мунавваркрри Тошкентда ГПУ томонидан қамоққа олингач (1921 й. 30 март — 1 дек.), маълум муддат ташкилот фаолиятида қатнашмади. Ёш бухороликлар фирқасининг собиқ аъзолари (Фитрат, Отаулла Хўжаев, Мукаммил Бурхонов, А. Муҳиддинов, Усмон Хўжа, Муинжон Аминов, Порсо Хўжаев ва б.) «Миллий иттиҳод» ташкилоти фаолиятида иштирок қилдилар. Валидийнинг Бухорога келиши ва Туркистон миллий бирлиги ташкилоти тузилиши билан (1921 й. авг.) «Миллий иттиҳод» фаолияти янада кучайди. Кейинчалик Чўлпон, С. Миржалилов, О. Махмудов, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Бекжон Раҳмонов ҳам ташкилот фаолиятига яқиндан ёрдам бердилар.
«Миллий иттиҳод» ташкилотининг шу вақтдаги асосий мақсади Бухоро республикаси, умуман, Туркистон минтақасини советлаштириш ва руслаштириш таъсиридан сақлаб қолиш, юрт мустақиллигига эришиш эди.
«Миллий иттиҳод» ташкилоти аъзолари мавжуд тузумга қарши қуролли ҳаракат раҳбарлари билан алоқа ўрнатиб, Раҳмонқул қўрбоши ҳузурига С. Шарифхўжаев, Усмонхўжа Тўхтахўжаев ва Тангриқулхожи Мақсудийларни ғоявий мафкурачилар сифатида юборди (1921 й. март). Кейинчалик С. Шарифхўжаев қисқа муддат қамоқда бўлгач, Салим Пошо билан биргаликда аввал Афғонистон, сўнфа Эронга ўтиб кетди (1923 й. июль).
Ўрта Осиёда миллийҳудудий чегараланиш ўтказилиши арафасида — 1924 й. охирларида ташкилот маркази қайта Тошкентга кўчади. Вилоят шўъбалари янги ходимлар билан кенгайтирилади. Ўзбекистон ССР ташкил топгач, ГПУ томонидан ҳар томонлама сиқув остига олинган «Миллий иттиҳод» 1925 й. бошларида ўзини тарқатилган, деб эълон қилади ва кейинчалик унинг асосида «Миллий истиклол» ташкилоти тузилади. Бу яширин ташкилот 1926—29 й. ларда мавжуд бўлиб, унинг фаолиятида С. Тиллахонов муҳим роль ўйнайди. Кейинчалик бухоролик ва фарғоналик миллий иттиҳодчилар ҳам бу ташкилотга келиб қўшилганлар. «Миллий истиклол» ташкилоти нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Ўрта Осиёда демократик республика тамойилларига асосланган тузум ўрнатишни ўз фаолиятининг асосий йўналиши, деб ҳисоблади. Бироқ совет давлати мустаҳкамлана бошланиши билан ташкилот ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. 1929 й. нояб. да Тошкентда Мунавваркрри бошчилигидаги 38 киши (кейинчалик уларнинг сони 87 кишига етди) бу ташкилотнинг аъзоси сифатида қамоққа олинди. Тер-гов жараёни кейинчалик Тошкентдан Москвага кўчирилди ва улар қатағон қилинди (яна қ. «Ўзбекистон Республикаси» махсус жилдининг Тарих бўлими).
Ад.: Мунаввар қори Абдурашидхонов, Танланган асарлар, Т., 2003; Вали д и й , Бўлинганни бўри ер. Туркистон халқларининг миллий мустақиллик учун кураши тарихидан [Хотиралар] Т., 1997; Жадидчилик: ислоҳот, янгиланиш, мустақиллик ва тараққиёт учун кураш, Т., 1999; Ўзбекистоннинг янги тарихи. 2-китоб [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Ражабов Қ., Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш, Т., 2002.
Наим Каримов, Қаҳрамон Ражабов.