МИКРОНЕЗ ТИЛЛАРИ

МИКРОНЕЗ ТИЛЛАРИ — австронез тиллари оиласининг Океания тиллари гуруҳига мансуб, Микронезия (Кирибати, Науру, Маршалл, Каролина ва б. ороллар)да тарқалган тиллар (науру, кирибати, сонсорол, куоапе, яп, понапе, пингелап, мокил, трук ва б.). Сўзлашувчиларнинг умумий сони 200 мингдан ортиқ. Фонетик жиҳатдан Микронез тиллари бир қанча ўхшашликларга эга, бирок, унли ва ундошларнинг миқдори, талаффузи бўйича ўзаро фарқ қилади. Феъл категорияларининг шакллари бир неча усул (қўшимча қўшиш, сўзлар такрори, сўз қўшиш) билан ифодаланади. Олмошлар тизими (тур ва шакллари) анча мураккаб. Микронез тиллари адабий тиллар даражасигача ривожланмаган; кўпчилиги лотин алифбоси асосидаги ёзувга эга. Микронез тилларини лингвистик жиҳатдан ўрганиш (тил ўрганиш маркази — Гонолулу ш.) 20-а. нинг 40-й. ларидан бошланган.