МИГРЕНЬ

МИГРЕНЬ (франц. migraine) , мия оғриғи, гемикрания — ўқтин-ўқтин тутадиган бош оғриғи. Аксари аёлларда учрайди. Касалликка, асосан, қон томир тонусини бошқариб турадиган нерв ишининг бузилиши, кўпинча, оилада ва наслда қон томир касаллигига берилувчанлик сабаб бўлади. Мигрень аксари балоғатга етиш даврида кузатилади. Касаллик хуружи, одатда, асабийлашиш натижасида ёки ўта чарчаш оқибатида рўй беради. Хуружнинг тутиш муддати, унинг оғиренгиллиги ёш улғайиши билан ўзгаради. Бу — турмуш тарзига, меҳнат ва дам олиш режимига риоя этмаслик, мунтазам овқатланмаслик, чекиш, шовқин, равшан ёруғликка, хотинқизларда эса ҳайз циклига боғлиқ. Хуруж олдидан бемор, кўпинча, ташналик, очиқиш сезади, кайфияти ўзгаради, мудроқ босади ва ҳ. к. Оғриқ тутганда кўз олди живирлаб, ҳар хил нарсалар кўринади.

Мигреньда, одатда, ҳар доим бошнинг ўнг ёки чап ярми (кўпинча, чакка қисми) оғрийди, бош айланади, ёруққа қарай олмайди, беморнинг кўнгли айниб, қайт қилади, шундан кейин оғриқ бир оз босилади.

Мигрень хуружи 2—3 соатдан бир неча суткагача чўзилиши мумкин. Хуружлар ўртасидаги даврда бемор бутунлай соғлом бўлади. Мигреньнинг мияча (асинергия ва б.) ва кўзга алоқадор (диплопия, птоз) хиллари бор.

Давоси: қон томирларни кенгайтирувчи, оғриқ қолдирувчи препаратлар, шунингдек, физиотерапия ва йена санчиб даволаш буюрилади. Бемор врач назорати остида даволаниши лозим.