МЕЙЕР ЛИМОНИ

МЕЙЕР ЛИМОНИ, хитой лимони — пакана бўйли лимон нави. Мейер лимони лимон б-н апельсин ўртасидаги табиий дурагай ҳисобланади. Хитойда кенг тарқалган. Лимон экиладиган барча ҳудудларда учрайди. Ўзбекистонда ҳимо-яланган шароитларда иссиқхона ва траншеяларда ўстириладиган асосий нав. Паст бўйли, шох-шаббалари ихчам. Очиқ жойда бўйи 2,5 —3 м га боради. Мейер лимони енгил ва унумдор тупроқларда яхши усади. Йил давомида 3—4 ўсиш даврига эга. Йиллик ўсишининг 70—80% баҳордаги биринчи ўсиш даврига тўгри келади. Барги узунчоқ, тўқ яшил, терс томони оч яшил. 2—3 йил тўкилмай туради. Гуллари майда, жуфт бўлиб барг қўлтиғида жойлашган. Апр. майда шиғил гуллайди. Меваси узун-чоқ, ноксимон, мева юзаси силлиқ, бир оз жилоли, вазни 75—80, баъзан 200 г. Меваси окт. охири — нояб. ойининг бошларида пиша бошлайди. Мазаси нордон, хушбўй. Таркибида 25—30 мг% аскорбин кта, 2,0—4,0% лимон кта, 2,5— 3,0% қанд мавжуд. Шарбати мева умумий вазнининг 50% ини ташкил қилади. Ноқулай ташқи омиллар таъсирига чидамли нав. —4°, —5° да баргларини, —8°, —9° да дарахтини совуқ уради. Бир йиллик новдалардан қаламчалаш йўли билан (фев. март ва авг.-сент. да) кўпайтирилади. Иссиқхоналарда 3×3 схемада экилади. 2—3-йили мева беради, 6—7-йили тўлиқ ҳосилга киради. Иссиқхона шароитларида ҳар тупидан 200—250 дона, баъзида дарахтларидан 500—700 донагача мева олиш мумкин. Мейер лимони Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ўстирилади (қ. Лимон).