МАЙСУР

МАЙСУР — Жан. Ҳиндистонда жойлашган тарихий вилоят. Мил. 3—11а. ларда Майсур қудудида гангалар сулоласи ҳукмронлик қилган. Улар ўзларидан кўра анча кучли империялар — Ғарбий Чалукъя, Раштракут, Чола сулолаларига тобе бўлишган. 12—14-а. ўрталарида Майсурнинг деярли барча худудлари Хойсаллар давлатига, кейинчалик 16-а. охиригача Вижаянагар давлатига қўшиб олинган. 1399 й. да Вижаянагарга вассал бўлган Майсур князлиги ташкил топган. 1610 й. да Майсур мустақилликка эришган (Водеяр сулоласи бошчилигида). Тахм. 1761 й. да князликдаги ҳокимият Ҳайдар Алининг қўлига ўтган. У марказий ҳокимиятни мустаҳкамлашга ҳаракат қилган, жумладан, кучли армияни вужудга келтирган ва муваффақиятли урушлар натижасида каннара халқига мансуб аҳолини ташкил қилган бутун ҳудудни ўз ҳокимияти остида бирлаштирган. Унинг ўғли Типу Султон (1782—99 й. ларда ҳукмронлик қилган) даврида М. Жан. Хиндистондаги энг кучли давлатга айланган ва Малабар, Андхра ва Тамилнад давлатларига қарашли ерларнинг бир қисмини босиб олган. 18-а. нинг 2-ярмида 4-инглиз — М. урушлари натижасида Майсурнинг ҳудуди кичрайган. 19-а. да инглиз мустамлакачилари янги таълим ва ёзувни жорий этганлар. Секин-аста шаҳар аҳолисининг ўртаҳол қатлами шакллана борган. Майсурнинг ижтимоий-иқгисодий ва маданий ривожланишига қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилган. Ҳиндистон мустақилликка эришгандан кейин 1947 й. М. республиканинг штатларидан бирига айланган. 1973 й. да ушбу штатнинг номи Карнатака деб ўзгартирилган.