МАЙСА ЧИВИНИ

МАЙСА ЧИВИНИ (Hylemyia cilicrura Rd.) — икки қанотлилар туркуми чин пашшалар оиласига мансуб ҳашарот; қ. х. экинлари зараркунандаси. Танасининг уз. 3—5 мм; қорамтир-қўнғир. Кулранг қорни бўйлаб қора ингичка йўл ўтган (эркакларида яққолроқ кўринади). Чўзинчоқ тухумлари (0,9 мм) оқ. Личинкасининг (7 мм ча) орқа қисми йўғонроқ, майда тишчали жағи қора, бақувват. Сохта пилласи чўзиқ-овалсимон (4—5 мм), жигарранг. Европа, Шим. Америка, Сибирь, Ўрта Осиё, Қозоғистон ва б. мамлакатларда тарқалган. Ғўза, маккажўхори, кунгабоқар, ғалладошлар ва б. га зарар келтиради. Ўрта минтақаларда бир йилда 2—3, жан. да эса 3—4 авлод беради. Ургочиси тухумини (1—4) тупроқ юзаси ва ёрикдарига тарқоқ қўяди. 2—10 кунда личинкалар чиқиб, 3—5 см чуқурликда яшайди ва маккажўхори, сабзавот ва б. экинларнинг майсаси, турли чириндилар, баъзан бўртган уруғ, жумладан, чигит б-н озиқланади.

Кураш чоралари: тузоқ чуқурлардан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун дала атрофида 5—6 та тўртбурчак чуқур кавлаб, унга инсектицидлар билан заҳарланган ва тупроқ аралаштирилган 10—15 кг кунжара солинади.

Аловуддин Ҳамраев.