МАВЗУ

МАВЗУ (араб. — жойлаштирилган, қўйилган) , тема — 1) муҳокама, маъруза, суҳбат, дарс, илмий асар ва б. нинг асосий мазмуни;

2) адабиёт ва санъатда — ижодкор томонидан танланиб, унинг ғоясини акс эттирадиган бадиий тасвир объекти, ҳаётий материал доираси. Бадиий адабиётда (роман, қисса, достон, драма, шеър ва б.), тасвирий санъат, меъморлик (расм, ҳайкал, гравюра, нақш ва б.), йирик мусиқа асарлари (опера, мусиқали драма, симфония ва б.)да ижтимоий масалалар, тарихий воқеалар, кишиларнинг муайян интилишлари, орзулари ва ҳ. к. М. бўлиши мумкин. Мавзу ғоя билан узвий боғлиқ. Асарнинг жанри, сюжети ва услуби Мавзу ва ғояга қараб танланади. Мавзу танлашда, айниқса, унинг талқинида муаллифнинг ғоявий мавқеи катта роль ўйнайди. Асарнинг конкрет мазмунида бош М. яна майда Мавзу ларга бўлинади ва буларнинг ҳар бири ғоявий мазмуннинг бирор томонини ифодалайди. Бир Мавзу бир неча муаллиф томонидан турлича ёритилиши, талқин этилиши ҳам мумкин. Бунда ҳар бир муаллиф ўз олдига қўйган ғоявийижодий вазифалар ўзига хос услуб ва мазмунни белгилайди;

3) бирор мусиқа асари ёки унинг таркибий қисмлари асосий бадиий ғоясини ифодаловчи ва кейинги ривожига хизмат қилувчи тугал мусиқа тузилмаси. Полифония асарлари (мас, канон, фуга)да Мавзу бир овозли куй бўлиб, турли овозларда навбатма-навбат баён этилади. Гомофония асарларининг Мавзу лари бирмунча ривож топган (одатда, 8—16 тактли) тузилмалардан иборат бўлади. Бунда куй етакчи овозда намоён бўлиб, жўр бўлувчи овозлар эса унинг мазмунини теранлаштиради. Оғзаки анъанадаги мусиқа, шунингдек, 20-а. авангардизм йўналиши (алеаторика, сонористика ва б. услуб) даги композиторлик ижодида оҳанг М. лари билан бирга мусика жараёнининг фақат ритмик (мас, усул) ёки тембр жиҳатларига асосланган Мавзулар ҳам жорий этилган. Булардан ташқари, мусиқа ижодиёти (мусиқали драма, опера, балет ва б.) да муайян ғоя ва мазмунга эга бўлиб, асарнинг бошидан охиригача ўзгармай (лейтмотив, лейттема) ёки қисман ўзгариб келувчи Мавзу ва, аксинча, тузилмаси чегараланмаган Мавзу мисоллари мавжуд. Йирик шакл (мас, соната, симфония)лар бир неча Мавзуларни ўз ичига олади. Улар ҳар хил образларни ифодалаш ва таққослаб ривожлантириш учун хизмат қилади. Турли образларни ифодаловчи Мавзулар бош Мавзунинг тубдан ўзгартириш йўли орқали вужудга келиши (монотематизм) ҳам кузатилади.