МАВРИТАНИЯ

МАВРИТАНИЯ (Mauritanis), Мавритания Ислом Республикаси (АлЖумҳурия ал-Исломия ал-Мавритания, Republique Islamique Mauritanie) — Африканинг шим.-ғарбидаги давлат. Майд. 1031 минг км2. Аҳолиси 2,7 млн. киши (2001). Пойтахти — Нуакшот ш. Маъмурий жиҳатдан 12 вилоят (region) га бўлинади, пойтахти — Нуакшот ш. мухтор округ (district) сифатида ажратилган.

Давлат тузуми. Мавритания — республика. Амалдаги конституцияси 1991 й. да қабул қилинган. Давлат бошлиғи — президент (1992 й. дан полковник Маауйя улд Сиди Аҳмад Тайя). У умумий тўғри овоз бериш йўли билан 6 й. муддатга сайланади ва бир неча марта қайта сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимият — 2 палатали парламент (Миллий ассамблея ва Сенат). Ижроия ҳокимиятни президент бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади, бош вазирни президент тайинлайди.

Табиати. Мавританиянинг кўп қисми Ғарбий Саҳрои Кабирнинг қумли ва тошлоқ чўллари, Атлантика океанига туташ соҳили пасттекислик. Ер юзасида пасттекисликлар ва унча баланд бўлмаган платолар кўп. Мамлакат ҳудуди токембрий жинсларидан таркиб топган қад. АфрикаАрабистон платформасига мансуб. Мис, темир рудалари, шунингдек, тоштуз, гипс, фосфорит конлари бор. Иқлими тропик чўл иқлими. Янв. нинг ўртача т-раси 16—20°, июлники 30—32°. Энг юқори т-ра 40—45°. Шарқдан тез-тез иссиқ шамол эсиб туради. Йиллик ёғин 50—100 мм. Мавританияда Сенегалдан бошқа оқар дарёлари йўқ. Экинларни суғоришда дарё, ер ости ва булоқ сувларидан фойдаланилади. Чўлларда буталар, акация ва б. ўсади. Мавританияда судралиб юрувчилар, кемирувчилар кўп; чиябўри, фенек тулкиси, ғизол, кийик ва б. бор. Қирғоқ сувлари овланадиган баликларга бой. Бандаргон миллий боғи мавжуд.

Аҳолиси. Мавритания туб аҳолисининг 80% дан кўпроғини маврлар ташкил этади. Улар араб тилининг ҳасаниййа шевасида сўзлашади, шунингдек, барбарзенагалар, фульбе, волоф, тукулер, сонинке ва б. халқлар яшайди. Расмий тил — араб тили. Расмий дин — ислом. Аҳолининг 39% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари — Нуакшот, Нуадибу, Зуэрат, Каэди.

Тарихи. Мавританиянинг қад. ва ўрта асрлар тарихи кам ўрганилган. 4—11-а. ларда Мавританиянинг жан. қисми Ғарбий Африка (Гана ва б.) давлатлари таркибида бўлган. 13—14-а. ларда Мавританиянинг жан. қисми Мали давлатига қўшилгандан кейин араблар ҳукмронлиги кучайди.

15-а. дан Мавританияга португаллар, испанлар, голландлар, инглизлар, французлар келиб, қул, олтин, сирач олиб кета бошлади. 1783 й. ги Версаль сулҳига кўра, Мавритания соҳиллари тамоман Францияга тобе бўлиб қолди. 1903 й. да Франция М. ни ўз протекторатига айлантирди. 1920 й. мамлакат расмий равишда Франция мустамлакаси деб эълон кдлинди. Мавритания халқи мустамлакачиларга карши мунтазам курашиб келди.

2-жаҳон урушидан кейин Мавританияда озодлик ҳаракати кучайди. 1946 й. дан М. Франциянинг «денгиз ортидаги ҳудуди». 1958 й. дан Франция ҳамжамияти таркибида ўзини ўзи бошқарувчи республика. 1960 й. 28 нояб. да Нуакшотда мустақил М. Ислом Республикаси тузилганлиги эълон қилинди. 1961 й. майда Мавритания конституцияси қабул қилинди. 1991 й. дан мамлакатда кўп партияли тизимга ўтидди. Мавритания ташқи сиёсатда блокларга қўшилмаслик, барча мамлакатлар билан ҳамкорлик тамойилига содиқ. Мавритания 1961 и. нояб. дан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 28 нояб. — Мустақиллик куни (1960).

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Республикачилар социалдемократик партияси, 1991 й. да тузилган; Демократия ва бирлик йўлидаги бирлашма, 1991 й. да ташкил топган; М. уйғониш партияси, 1991 й. да асос солинган. Мавритания меҳнаткашлари иттифоқи — бирлашган умуммиллий касаба маркази, 1961 й. да тузилган, Халқаро эркин касаба уюшмалари конфедерациясига киради.

Хўжалиги. Мавритания — аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қ. х. (балиқчилик б-н бирга) улуши 30%, саноат улуши 19,2%. Ишлаб чиқарувчи кучлар заиф ривожланган. Мустақилликка эришилгач, ҳукумат қ. х. ва балиқчиликни жадал ривожлантириш, хорижий сармоя қўйишни рағбатлантириш тадбирларини кўрди. Кончилик саноати ривож топган. Қайта ишлаш саноати озиқ-овқат (балиқ ва гўштни қайта ишлаш, қандшакар ва консерва и. ч.), кимё, нефть маҳсулотлари, кўнчилик, тикувчилик, гиламдўзлик тармоқларидан иборат. Денгиз сувини чучуклаштириш курилмаси ўрнатилган. Йилига 140 млн. кВт/соат электр энергия қосил қилинади. Анъанавий ҳунармандчиликни ривожлантириш рағбатлантирилади. Саноат корхоналарининг аксарияти Нуакшот ш. да жойлашган. Кўпчилик аҳоли банд бўлган қ. х. заиф. Унинг асосий тармоғи — кўчманчи ва ярим кўчманчи чорвачилик. Қорамол, туя, қўй, эчки, эшак, от боқилади. Балиқ ва денгиз жониворлари овланади. Сенегал дарёси бўйида ва воҳалардагина деҳқончилик қилинади. Ҳудудининг 2/5 қисми яйлов. Асосий озиқ-овқат экинлари: тариқ, оқ жўхори, маккажўхори, батат, дуккаклилар, шоли, ер ёнғоқ, хурмо ва б. Акация дарахтининг муайян турларидан ажралиб чиқадиган ёпишқоқ модда — гуммиарабик (араб елими) экспорт аҳамиятига эга. Тез-тез бўлиб турадиган қурғ-оқчилик қ. х. га катта зарар етказади. Темир йўллари уз. —0,7 минг, автомобиль йўллари уз. —8 минг км дан ортиқ. Асосий денгиз портлари ва халқаро аэропортлари — Нуакшот ва Нуадибу. Сенегал дарёсининг қуйи оқимида кема қатнайди. Мавританиядан четга темир рудаси, олтин, гипс, балиқ ва балиқ маҳсулотлари, чорва, тери ва б. чиқарилади. Мавританияга четдан саноат моллари, нефть маҳсулотлари, машина ва ускуналар, озиқ-овқат келтирилади. Ташқи савдода Франция, Италия, Буюк Британия, Япония, Германия, АҚШ, ХХР билан ҳамкорлик қилади. Пул бирлиги — угия.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Бошлангич таълим мажбурий ҳисобланади, бироқ болаларнинг оз қисми мактабга қатнайди. Мавританияда 1214 бошланғич ва 51 ўрта мактаб бор. Ўқиш муддати: бошланғич мактабда 6 й., ўрта мактабда ҳам 6 й. Бошланғич мактабларда дарc араб тилида, ўрта ва олий мактабларда француз тилида олиб борилади; бошланғич мактабларда француз тили ҳам ўргатилади. Олий ўқув юртлари: Нуакшотда ун-т (1983), Пед. ин-ти (1971), Олий маъмурий мактаб. Бутилимит ш. да Олий ислом тадқиқот ин-ти (1961) бор. Ёшларнинг аксарияти Франция, Сенегал ва б. мамлакатларнинг унтларига бориб ўқийди. Мавританияда кончилик саноати и. т. маркази, сабзавотчилик и. т. институти, бир неча қ. х. тажриба ст-яси, Пед. ҳужжатлаштириш маркази (1962) бор. Нуакшотда Миллий кутубхона (1961), Миллий архив (кутубхонаси б-н, 1955) ва Марказий оммавий кутубхона мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Мавританияда чиқадиган асосий нашрлар: «Аш-шааб» («Халқ», 1975 й. дан, араб ва француз тилларида чиқадиган кундалик ҳукумат газ.), «Пёпль» («Халқ», француз ва араб тилларида йилига 6 марта чиқадиган газ.), «Журналь офисьель» («Расмий газ.», француз тилида ҳафтасига 2 марта чиқадиган ҳукумат хабарномаси). Мавритания радиоэшиттириш ва телекўрсатув хизматига 1958 й. да асос солинган; араб, француз ва маҳаллий тилларда эшиттириш ва кўрсатувлар олиб боради. Мавритания ахборот агентлиги 1975 й. да тузилган бўлиб, 1990 й. гача Мавритания матбуот агентлиги деб аталган; у ҳукумат назоратида.

Адабиёти мумтоз араб тилида, араб тилининг ҳасаниййа шевасида ва барбар тилида. Араблар келишидан аввал барбар қабилаларининг халқ оғзаки ижодиёти мавжуд бўлган ва у ривожланиб келаётир. Мумтоз араб тилида дастлабки диний ва тарихий мазмундаги асарлар 11-а. дан маълум. Ҳасаниййа шевасида қахрамонлик достонлари ва мусиқий шеърлар яратилган. 16-а. да мумтоз араб тилида дунёвий шеърият вужудга келди. 17 — 18-а. ларда У. Разга, Бу Фумуайн, Мавритания ал-Йадали, 19-а. да У ат-Телба, У. Мухамди, У. аш-шайх Сидийа каби атоқли шоирлар ижод қилди. Замонавий шоирлар орасида Ал-Мухтор ал-ҳамид, Хатри ибн-Хатри, Уалла Абнилар бор. Баккен шеърлари маҳаллий шевада ва мумтоз шаклда ёзилган.

Меъморлиги, тасвирий ва амалий санъати. Мамлакат жан. да неолит даврига мансуб ўнлаб истеҳкомли манзилгоҳлар (тепаликларда тош девор билан ўралган тош уйлар) топилган. Барбарларнинг эни 15 м гача, бал. 2 м ли «шуша» деб аталган доирасимон кабристонлари мил. ав. 1минг йилликка оид деб ҳисобланади. Мил. 7—11-а. ларда савдо йўлларида, қудуқлар атрофида боғлар, тош уйлар ва маежидлар пайдо бўлиб, барбар манзилгоҳлари ҳосил бўлган ва улар аста-секин шаҳарларга айланиб борган. 11 —12-а. лардан Мавритания ҳудудида тўғри бурчакли, ясси томли, ички ҳовлили уйлар, чорси минорали масжидлар қурилган. Ғарбда иморатлар ғиштдан гул солиб қурилса, шарқда бинолар сирти сувалади, киравериши қизил-оқ рангда нақшланади. 20-а. да Нуакшот, Нуадибу ш. ларида европача иморатлар барпо этилди, айрим шаҳарлар ўрта аср қиёфасида қолган. Неолит даврига оид санъат асарлари (қоя тошларга ўйиб чизилган расмлар, «шуша»лар) сақланган. Ўрта асрларда Мавритания ҳудудида араб барбарларнинг маданияти ривож топган. Амалий безак санъатининг ҳар хил турлари (металл, сопол, чарм, ёғоч ва б. дан буюмлар ясаш) мавритан санъатининг ўзига хос услубида ривожланган. Заргарлик ва кулолчилик равнақ топган.

Мусиқаси. Мавритания мусиқа маданияти маврлар, барбарзенагалар ва негроид халқларининг турли анъаналарини ўз ичига олади. Гриотлар санъати анъанавий мавритан мусиқасининг энг ёрқин ва ривожланган қатламидир. Уларнинг чолғу асбоблари орасида 4 торли удни эслатувчи тидинит, 12—14 торли арфага ўхшаш қовоқ пўстлоғидан ясалган ардин ажралиб туради. Байрам ва диний маросимларда замзайя (сурнай) ва неффар (най) жўрлигида кўпчилик бўлиб айтиладиган қўшиқлар янграйди. Бундан ташқари, 1 торли уд ва рубобда куйлар ижро этилади. Кейинги йилларда европача замонавий куйлар, айниқса, эстрада санъати урф бўлди.

Киноси. Мустақилликка эришилгунга қадар Мавританиянинг ўз кино санъати йўқ эди. 1967—68 й. ларда маҳаллий реж. Мед Хондо дастлабки қисқа метражли фильмларини суратга олди. 1971 ва 1974 й. да унинг «О қуёши» ҳамда «Қўшнингиз, негритослар» фильмлари ва 1980 й. да «Вест-Индия» фильми экранга чиқди. Хондо ижоди бошқа мавритан реж. лари ва актёрлари тақдирига катта таъсир ўтказди. Жумладан, кинореж. ва актёр Сидней Сокхонанинг «Аллоҳ етимлари», «Миллати — муҳожир», «Сафрана ёки Гапириш ҳуқуқи» фильмлари муҳожирлик муаммосига бағишланган. Мавритания табиати, анъаналари ва мусиқий маданиятига бағишланган рангли ҳужжатли фильмлар ҳам суратга олинган.