МАВРИКИЙ

МАВРИКИЙ (Mauritius), Маврикий Республикаси (Republic of Mauritius) — Ҳинд океанининг ғарбий қисмида, Мадагаскар о. дан шаркда жойлашган давлат. Маврикий о., Родригес о., Каргадоскарахос ва Агалега о. лари, Чагос архипелагини ўз ичига олади (1982 й. да Маврикий парламенти Чагос архипелагини мамлакат ҳудудининг ажралмас қисми деб эълон қилган. Буюк Британия эса бу архипелагни тортиб олиб, унинг таркибидаги Диего-Гарсия оролини АҚШга 50 йилга ижарага топширган). Майд. 2045 км2. Аҳолиси 1,8 млн. киши (2001). Пойтахти — Порт-Луи ш. Маъмурий жиҳатдан 5 шаҳар ва 9 округ (district)ra бўлинади.

Давлат тузуми. Маврикий — республика. Буюк Британия бошчилигидаги Ҳамдўстлик аъзоси. Амалдаги конституцияси 1968 й. да қабул қилинган ва кейинчалик қўшимчалар киритилган. Давлат бошлиғи — президент (1992 й. дан Кассем Утим). У парламент депутатларининг одций кўпчилик овози билан 5 й. муддатга саиланади. Қонун чиқарувчи ҳокимияти — Миллий ассамблея (бир палатали парламент). Ижроия ҳокимиятни Вазирлар Кенгаши амалга оширади. Бош вазир ва вазирларни президент тайинлайди.

Табиати. Ороллар вулканлар отилишидан пайдо бўлган, базальт, доломит ва туфлардан тузилган. Ер юзаси, айниқса, Маврикий о. нинг жан.-ғарби қирлардан иборат (энг баланд жойи 826 м), оролнинг ўрта қисми — 600 м гача баландликдаги плато, шим. ва шарқида соҳили камбар текислик. Родригес о. нинг бал. 396 м гача. Қирғоқлар оролга ўтишни қийинлаштирувчи маржон рифлари б-н ўралган. Иқлими — тропик денгиз иқлими. Ўртача т-ра энг иссиқ ой — фев. да 26°, энг салқин ой — авг. да 16°, соҳилда 18,5° гача. Йиллик ёғин 1500— 5000 мм гача, ёзи серёғин. Дарёлари камсув, қурғоқчил даврда қурийди, энг йириги — Грандривьер. Қалин тропик ўрмонлар тоғларда сақланган. Маврикий о. нинг 1/4 қисми ўрмон.

Ахолиси, асосан, ҳинд-маврикийлар (69%), креоллар (27%) ва ҳ. к. Расмий тил — инглиз тили; француз ва креол тили ҳам кенг тарқалган. Аҳолининг 50% га яқини ҳинду, 33% христиан, 16% ислом динига эътиқод қилади. Шаҳар аҳолиси 41%. Йирик шаҳарлари — Порт-Луи, БоБассен-Роз-Хилл, Вакоа-Феникс.

Тарихи. Маврикий о. араб сайёҳларининг эсдаликларида Дина Ароби (Кумуш о.) номи билан тилга олинади (10-а.). Оролда одам яшамаган. 16-а. бошларида дастлаб португаллар келиб ўрнашди. 1958 й. оролни голландлар эгаллади ва шаҳзода Мориц (Оранлик) шарафига Маврикий деб атади. Голландия ҳукмронлиги даврида оролга Шарқий Африкадан қуллар келтирилди. 1715 й. дан орол Франция, 1810 й. дан Англия ҳукмронлигида бўлди. 1814 й. дан эса расман Англия мустамлакасига айланди. Маврикий аҳолиси кўп йиллар давомида мустамлака тузумига қарши тинмай кураш олиб борди. 1935 й. М. да касаба уюшмалари юзага келди, 1936 й. дастлабки сиёсий партия — ўрта ва майда буржуазияга таянувчи Лейбористлар партияси ташкил топди. 2-жаҳон уруши (1939—45)дан сўнг мустамлакачиликка қарши кураш янада кучайди. Натижада Буюк Британия маъмурияти бир оз ён беришга мажбур бўлди. Қонун чиқарувчи кенгашнинг ҳуқуқи кенгайтирилди, умумий сайлов ҳуқуқи жорий этилди. 1968 й. 12 мартда Ҳамдўстлик доирасидаги мустақил давлат деб эълон қилинди. Аммо ҳали Олий ҳокимиятни Буюк Британия қироличаси тайинлайдиган генерал-губернатор идора қилар эди. Ниҳоят, 1992 й. 12 мартда мамлакат республика деб эълон этилиб, М. Республикаси номини олди. Маврикий — 1968 й. дан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 12 март — Мустақиллик куни (1968) ва Республика куни (1992).

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Маврикий лейбористлар партияси, 1936 й. да тузилган; М. социалдемократик партияси, 1955 й. да асос солинган; Жанговар социалистик ҳаракат, 1983 й. тузилган; М. жанговар ҳаракати, 1969 й. да тузилган; Родригес халқ, ташкилоти, 1982 й. да асос солинган. Ишчилар умумий Федерациям, 53 тармоқ касаба уюшмасини бирлаштиради, 1971 й. ташкил этилган; М. меҳнат конгресси, 1963 й. да тузилган.

Хўжалиги. Маврикий — аграр-индустриал мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ҳамда балиқчиликнинг улуши 10,4%, саноат, асосан, қайта ишлаш тармоқларининг улуши 23%. Ҳудудининг 56% экинзор ва боғлардан иборат. Асосий қ. х. ўсимлиги шакарқамиш бўлиб, у экинзорларнинг 94%ни эгаллайди. Чой, тамаки, банан, алоэ, шоли, маккажўхори, картошка, сабзавот, ҳўл мева ҳам етиштирилади. Чорвачилигида қорамол ва эчки боқилади. Паррандачилик мавжуд. Балиқ овланади. Саноатида шакарқамишни қайта ишлайдиган корхоналар устун. Швейцария соат з-длари учун сунъий ёқут ишлаш, транзисторлар учун деталлар, кўзойнак гардишлари и. ч., заргарлик тошларига сайқал бериш йўлга қўйилган. Чой ва тамаки баргини, сабзавот ва ҳўл мева, агавани, мол терисини кайта ишлайдиган ф-калар, кемасозлик, енгил саноат тармоқлари, маъданли ўғит ва нефть маҳсулотлари корхоналари мавжуд. Йилига 390 млн. кВт/соат га яқин электр энергия ҳосил қилинади. Сайёҳлик ривожланган. Маврикийда автомобиль йўллари уз. —2 минг км. Йирик денгиз порти — Порт-Луи. Плезанс ш. да халқаро аэропорт бор. М. четга қанд-шакар, чой, тери маҳсулотлари ва пойабзал, тўқимачилик ярим маҳсулотлари чиқаради. Четдан озиқ-овқат ва нефть маҳсулотлари, машина ва ускуналар, саноат моллари келтиради. Савдо-сотиқдаги асосий мижозлари: Буюк Британия, Франция, АҚШ, ЖАР, Германия, Япония, Хитой. Пул бирлиги — Маврикий рупияси.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Маврикий даги бошланғич ва ўрта мактабларда ўқиш бепул ва мажбурий. Давлат ва хусусий ўқув юртлари ҳам бор. Маорифи инглиз тизими таъсирида таркиб топган: бошланғич мактаб 6 й., ўрта мактаб 7 й. Касб-ҳунар таълими бошланғич мактаб негизида 1 й. дан 3 й. гача давом этади. 5 й. лик тўлиқсиз мактаб негизида техника коллежи ишлайди. Порт-Луи ш. да Маврикий унти (1965), Моко ш. да Маврикий Ганди номидаги ин-т, қанд-шакар саноати учун мутахассислар тайёрловчи регионал марказ мавжуд. Порт-Луи ш. да ин-т (1980), Редюи ш. да Қанд-шакар саноати тадқиқот ин-ти ишлайди. Маврикийда унт, шаҳар кутубхонаси, Маврикий ин-ти, Британия кенгаши, Қанд-шакар саноати тадқиқот ин-ти кутубхоналари бор. Порт-Луи ш. да музей (1885), М. гербарийси (1960), Маэбур ш. да Тарих музейи мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Маврикийда нашр этиладиган асосий газ. лар: «Соушелист» («Социалист», кундалик газ., 1983 й. дан), «Чайна Таймс» («Хитой вақти», хитой тилидаги кундалик газ., 1959 й. дан), «Экспресс» (инглиз ва француз тилларида чиқадиган кундалик газ., 1963 й. дан), «Уикенд» («Ҳафта охири», француз ва инглиз тилларида чиқадиган ҳафталик газ., 1966 й. дан), «Нуво милитан» («Янги жангчи», инглиз ва француз тилларида чиқадиган ҳафталик газ., 1979 й. дан), «Миррор» («Кўзгу», хитой, инглиз ва француз тилларида чиқадиган якшанбалик газ.). М. радиоэшиттириш корпорацияси 1964 й. да тузилган. Телевидение хизматига 1965 й. да асос солинган.