МАВРИГИ

МАВРИГИ, маврийги (Марв ш. га нисбат берилган) — Бухоро мусиқа анъаналарига хос (эркаклар) фольклор жанри. Мавриги Бухоро амирлиги даврида Марвдан кўчиб келган эронийларнинг мусиқа ижоди сифатида шаклланиб, кейинчалик бошқа (тожик, ўзбек) миллатлар орасида ҳам оммавийлашиб кетган. Туркум шаклида ижро этиладиган қўшиқ ва куйлардан иборат. 1-қисми («Шаад»)да яккахон насиҳатомуз байтларни речитатив услубида, доиранинг «рези» жўрлигида ижро этади. Сўнгра аста тезлашиб борувчи — яккахон билан биргаликда «жўра» (нақарот айтувчи)лар ижро этаётган бир неча лирик (севги-муҳаббат мавзуидаги) ҳамда рақсбоп қўшиқ («Сархона», «Чорзарб», «Макайлик» ва б.), чолғу куй («Гардуни Сархона» ва б.), доира занг усуллари ва рақслар келади. Мавриги туркуми авж доирасида энг шўх рақс («Чиллиги») билан якунланади. Мавриги ижрочиларидан бадиҳа ва рақсга мойиллик талаб этилади. 19—20-а. ларда Мавриги ижрочиларидан Бақо Саъдуллаев, Ҳабиб Неъматов, Алиризо Қурбонов ва б. машҳур бўлди. Ҳозирда Мавриги жанри Бухоро фольклор-этнографик ансамбллари («Моҳи ситора» каби) репертуаридан ўрин олган.