МАВЛОНОЗОДА

МАВЛОНОЗОДА (14 а.) – 1365-66 й. ларда Самарқандда кўтарилган сарбадорлар қўзғолони раҳбари. Мўғулистон хони Илёсхўжа Мовароуннаҳрга ҳужуми пайтида Самарқанд мудофаасига бошчилик қилган. Мўғуллар Самарқандни эгаллаш учун отланганларида шаҳар ҳркими қочиб кетган. Шунда Мавлонозода жоме масжиди олдида тўпланган 10 минг кишилик шаҳар аҳолиси ўртасида қизғин нутқ сўзлаб халқни курашга чорлаган ва Самарқандни мудофаа этишга раҳбарлик қилишни ўз зиммасига олган. Ҳофизи Абрунннг «Зубдат ут-таворих» асарида ёзилишича, Мавлонозода Бухоро улуғзодаларидан, донишманд киши бўлиб, у камондан яхши ўқ отар, ўта журъатли ва довюраклиги билан машҳур эди. Абу Бакр Кулуий (Калавий) Наддоф билан биргаликда шаҳар мудофаасига тайёрланган, хусусан, шаҳардаги барча дарвозаларни беркитган. Кўчалар, боғлар атрофига ғовлар қурдирган. Фақат бир кўчани очиқ қолдириб, шу ерда Мавлонозоданинг ўзи 500 кишиси билан пистирмада ўтирган. Душманнинг қоровул қисмлари ҳеч қандай хавотирсиз шаҳарга кириб келганда, Мавлонозоданинг ишораси б-н дўмбиралар чалинган. Душманга ҳар томондан ўқ-ёйлар, тошлар ёғдирилган, уларни таёқлар билан савалаганлар. Натижада мўғулларнинг 1000 аскари мажруҳ бўлган, 100 таси эса қўлга олинган. Эртаси куни ҳам мўғуллар бутун кучларини ишга солиб ҳамла қилсалар, турли ҳарбий ҳийлалар қўлласалар ҳам шаҳарни ололмаганлар. Кейинчалик уларнинг отларига ўлат тегиб, қирила бошлагач, мўғуллар Мовароуннаҳрни тарк этишга мажбур бўлди. Шаҳардаги ҳокимиятни қўлга киритган сарбадорлар аҳолига зулм қила бошлади.

Ҳофизи Абрунинг ёзишича, бундан хабар топган Амир Ҳусайн Балх, Бадахшон, Қундуз, Бағлон, Андхуд ва Шибирғон лашкарини тўплаб, Самарқанд томон юзланган. У сарбадорларга мактуб йўллаб, унда уларга ишонишини, ҳатто ўз амирларидан ҳам яқин тутишини ёзган ва Самарқанд яқинидаги Конигил мавзесига етгунича унинг ҳузурига келмасликни илтимос қилган. Сарбадорлар унинг такаллуфини чин билиб, фурсатни қўлдан бой берганлар. Амир Ҳусайн Конигилга етиб келгач, унга иззат-икром билдириш, тортиқлар тақдим этиш учун истиқболига чиққанлар ва хизматига шай бўлиб турганлар. Амир Хусайн 1куни сарбадорларга илтифотлар кўрсатган. Бундан сарбадорлар янада руҳланиб, кўнгилларидан хавф-хатар ғубори кўтарилиб, эртаси куни кўпроқ совғалар ва камёб моллар билан унинг ҳузурига йўл олганлар. Карбосга етганларида Амир Ҳусайннинг буйруғига кўра, уларнинг ҳаммаси қўлга олиниб қатл этилган. Фақат Мавлонозодани Амир Темур илтимос қилиб, дор тагидан қутқариб қолган. Тарихчи Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, Амир Темур М. учун шафоат тилаб уни халос этган. Бунга Амир Темурнинг илгари ҳам сарбадорларнинг айрим раҳбарлари билан алоқада бўлганлиги тахмин қилинади.

Ад.: Абдураззоқ Самарқандий, Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн. Т., 1969; Низомиддин Шомий, Зафарнома, Т., 1996.

Фахриддин Ҳасанов.