МАВЛОНОВА Ҳанифа Муҳиддиновна

МАВЛОНОВА Ҳанифа Муҳиддиновна (1924, Хўжанд) — хонанда (лирик-драматик сопрано). Халқ артисти (1968). Хўжанд мусиқа билим юртини (1936), Москва консерваториясини (1959) тугатган. Хўжанд Ёш томошабинлар театри (1937—39), Хўжанд мусиқали драма театри (1939—43), 1943 й. дан С. Айний номидаги опера ва балет театрининг етакчи актрисаси. Моҳин («Тоҳир ва Зуҳра»), Гулрў («Пўлат ва Гулрў»), Майсара («Майсаранинг иши»), Ниссо («Бахтиёр ва Ниссо»), Мария («Мазепа»), Ярославна («Князь Игорь»), Маргарита («Фауст»), Дездемона («Отелло») каби роллари билан шуҳрат қозонди. Мавлонованинг овози диапазони кенг, ёрқин ва жарангдорлиги билан ажралиб туради. Мавлонова тожик ва ўзбек мумтоз қўшиқлари ҳамда замонавий қўшиқларнинг моҳир ижрочиси сифатида танилган.