МАВЛОНИЙ Машҳура Эгамовна

МАВЛОНИЙ Машҳура Эгамовна (1934.4.12, Тошкент) — микробиолог олим, Ўзбекистон ФА акад. (1989), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1994), биология фанлари д-ри (1971). Тошкент политехника ин-тининг кимётехнология ф-тини тугатган (1957). Ўзбекистон ФА Ботаника ин-ти илмий ходими (1960—61), катта илмий ходими (1962—65), 1965 й. дан Ўзбекистон ФА Микробиология бўлими (1977 й. дан ин-ти)да саноат микробиологияси лаб. мудири. Ўзбекистонда саноат микробиологияси асосчиси. М. Ўрта Осиёда илк бор саноат микроорганизмлари коллекциясини яратди. Зараркунанда микроорганизмларга қарши кураш усулларини ишлаб чиқди. Спорасиз замбуруғлар таснифининг янги схемасини тузди. Гамма ва лазер нурлари таъсирида саноат учун муҳим бўлган фаол мутантлар топди ва амалиётга татбиқ этди.

Ас: Производство кормового белка в Узбекистане, Т., 1988; Микробиальная порча консервированных продуктов и пути её предотвращения, Т., 1990; Умумий микробиология, Т., 2003.