МАТЕМАТИК АНАЛИЗ

МАТЕМАТИК АНАЛИЗ — математика соҳаларидан бири. Математик анализ такомиллашиб ва ривожланиб борувчи аппаратга эга бўлиб, бу аппарат асосини дифференциал ва интеграл ҳисоб ташкил қилади. Математик анализ ўзига хос тадқиқот объектига (ўзгарувчи катталик), ўзига хос тадқиқот услубига (чексиз кичиклар ёки лимитга ўтиш воситасида анализ қилиш), асосий тушунчаларнинг маълум мажмуаси (функция, лимит, ҳосила, дифференциал, интеграл, қатор) га эга. Математик анализ мат. нинг бўлими сифатида 18-а. охирида шаклланди. Математик анализнинг тадқиқот предмети функциялардан ёки ўзгарувчи миқдорлар орасидаги боғланишлардан иборат. Математик анализнинг асосчилари И. Ньютон ва Г. Лейбницлардир.