МАРЦИНКЯВИЧЮС Юстинас Мотеяус

МАРЦИНКЯВИЧЮС Юстинас Мотеяус (1930.10.3, Важаткемис қишлоғи, ҳоз. Пренай тумани) — Литва халқ шоири (1978). Илк шеърлар тўплами — «Сўз сўрайман» (1955). Достон («Йигирманчи баҳор», 1956; «Қон ва кул», 1960; «Девор», 1965) ва драматик достонларига («Миндаугас», 1968; «Ибодатхона», 1971; «Мажвидас», 1977) рамзий образлилик, фалсафий ва ижтимоий эпик проблематика хос. «Публицистик достон» (1963), «Донелайтис» (1964) достонлари, «Ғаллакор қўллар» (1963), «Ёғоч кўприклар» (1966) ва б. шеърий тўпламларида литва халқи ҳаёти ҳақидаги ўйлари акс этган. «Кулувчан қарағай» қиссаси (1961) ёшларга бағишланган. Болалар учун бир қанча асарлар ёзган. «Миндаугас изтироби» драматик достони (1979) ва туркум шеърлари ўзбек тилига таржима қилинган.