МАРШАЛЛ РЕЖАСИ — 2-жаҳон урушидан кейин Европани АҚШ ва Канаданинг иқтисодий ёрдами билан тиклаш ва ривожлантириш дастури; бу режани 1947 й. 5 июнда АҚШ давлат котиби, генерал Ж. К. Маршалл (1880 — 1959) ишлаб чиққан ва уни амалга ошириш 1948—51 й. ларга мўлжалланган. Режани амалга ошириш бўйича Ғарбий Европадаги 16 давлат — Буюк Британия, Франция, Италия, Бельгия, Нидерландия, Люксембург, Швеция, Норвегия, Дания, Ирландия, Исландия, Португалия, Австрия, Швейцария, Греция ҳамда Туркия М. р. да иштирок этишга рози бўлди ва Европа иқтисодий жамиятини тузиш ҳақидаги конвенцияни қабул қилди. Кейинчалик, Маршалл режасига Ғарбий Германия ҳам жалб этилди. АҚШ конгресси иқтисодий ҳамкорлик қилиш қонунини қабул қилгач (1948), М. р., яъни тўрт йиллик «чет эл давлатларига ёрдам» дастури кучга кирди. Унда икки томонлама битим асосида Ғарбий Европа давлатларига ёрдам кўзда тутилган. Ёрдам АҚШ федерал бюджетидан қайтариб олинмайдиган субсидия ва заёмлар тарзида беридди. 1948 й. данто 1951 й. гача АҚШ М. p., бўйича 17 млрд. доллар маблағ сарфлади. Унинг асосий қисми Буюк Британия, Франция, Италия ва ГФР (АҚШ ва ГРФ ўртасида 1949 й. дек. да имзоланган икки томонлама битимга асосан) давлатларига берилди.
Режада «эркин тадбиркорлик»ни ривожлантириш, хусусий Америка инвестицияларини рағбатлантириш, божхона таърифларини пасайтириш, АҚШга баъзи бир тақчил товарларни етказиб бериш, молиявий барқарорликни таъминлаш, Америка ёрдамини олиш натижасида бўшаган миллий валютада махсус фондлар ташкил этиш ва уларнинг АҚШ томонидан назорат килиниши, олинган маблағларни қай тарзда сарфланаётганлиги ҳақида мунтазам ҳисобот бериб туриш мўлжалланган.
Рисолат Ишмуратова.