МАРКС

МАРКС (Marx) Карл (1818. 5.5, Трир — 1883.14.3, Лондон) — немис файласуфи, иқтисодчи, жамиятшунос, марксизм асосчиси. Адвокат оиласида туғилди. 1835—41 й. ларда Бонн ва Берлин унтларининг юридик ф-тларида ўқиди. Фалсафий қарашлари ёш гегелчилар таъсирида шаклланди. 1842 й. «Рейн газетаси» (Кёльн)га муҳаррирлик қилди. 1843 й. Парижга кўчиб келди. Бу ерда Ф. Энгельс билан дўстлашди (1844) ва у билан биргаликда ёзган «Муқаддас оила» асари (1845) тузумни ўзгартиришга шайланган пролетариатнинг назария ва тактикасига бағишланди.

Пруссия ҳукуматининг тазйиқи туфайли Париждан чиқариб юборилгач, Брюсселга келди. Бу ерда Энгельс билан ҳамкорликда яратган «Немис мафкураси» (1845—46) асарида диалектик ва тарихий материализмнинг асосий қоидалари баён этилган.

Маркснинг «Фалсафа қашшоқлиги» (1847) асарида эса тарихий материализм ва пролетар сиёсий иқтисоди асослари ёритилган. «Коммунистлар уюшмаси» халқаро ташкилотининг ишида фаол қатнашган Маркс ва Энгельс бу ташкилотнинг дастури — «Коммунистик партия манифести»ни ёздилар (1848). Францияда 1848 й. инқилоби бошлангандан кейин Бельгия ҳукумати Марксни қамоққа олди ва мамлакатдан чиқариб юборди. М. Парижга келиб, Коммунистлар уюшмасининг янги МКни тузди. Апр. да Маркс ва Энгельс Кёльнга жўнадилар, бу ерда Маркс «Янги Рейн газетаси»га бош муҳаррир бўлди. 1849 й. майида Пруссия ҳукумати Марксни бадарға қилиб, газетани ёпди. Маркс 1849 й. авг. да Лондонга кўчиб борди ва умрининг охиригача ўша ерда яшади. Бу ерда Энгельснинг моддий ёрдами билан назариётчилик ва жамоатчилик фаоли-ятини давом эттирди.

Маркс 1 – Интернационал (1864—76)нинг ташкилотчиси ва етакчиси эди. 1867 й. М. нинг асосий асари «Капитал» (1жилди) босилиб чикди; М. унинг кей-инги жилдларини тугата олмади. Уларни Энгельс нашрга тайёрлади (2жилд, 1885; 3жилд, 1894). Бу асар марксизм иқтисодиёти ва синфий кураш назариясига оид асосий китоб ҳисобланади. Маркснинг бошқа асарлари: «Луи Бонапартнинг ўн саккизинчи брюмери» (1852), «Сиёсий иқтисод танқидига дойр» (1859), «Францияда фуқаролар уруши» (1871), «Гота дастурини танқид» (1875).