МАРКОНИ

МАРКОНИ (Marconi) Гульельмо (1874.25.4, Болонья – 1937.20.7, Рим) — италиялик радиотехник ва тадбиркор. Мунтазам илм олмаган. Электромагнит тўлқинлар ҳақида асосий маълумотларни итальян физиги А. Ригидан олган, унинг раҳбарлигида ўсмирлик даврида физика билан шуғулланган. 1896 й. да Буюк Британияга кўчган ва у ерда электромагнит тўлқинлар ёрдамида сигнал бериш тажрибаларини ўтказган. 1897 й. да симсиз телеграфлаш усулига тегишли ихтиросига патент олган, акциядорлик жамиятини ташкил қилган (1897). Алоқа воситаси сифатида радиони ривожлантирган. 1901 й. да Атлантика океани орқали радиоалоқа ўрнатган. Нобель мукофоти лауреати (1909; К. Ф. Браун билан ҳамкорликда).