МАРИНЕР

«МАРИНЕР» (инг. Mariner — денгизчи) — Венера, Марс, Меркурий сайёрасини ва космик фазони тадқиқ қилиш учун 1962—75 й. ларда учирилган америка сайёралараро автоматик станциялари серияси номи; уларни ишлаб чиқиш ва учириш дастури. «Маринер»лар хизмат асбоблари билан жиҳозланган герметик бўлма, Қуёш батареялари панели ва аниқ йўналтирилган параболик антеннадан иборат. 1962 й. да учирилган «М.-1» ва «М.-2» ҳамда 1967 й. да учирилган «М.-5» Венерани тадқиқ этган, «М.-З» ва «М.-4» (1962), «М.-8» ва «М.-9» (1974) эса Марсни тадқиқ этган. «М.-10» (1973) Венера ва Меркурийни тадқиқ қилди. Венерадан 5770 км масофадан ўтаётиб Ерга унинг 3700 дан ортиқ сифатли расмларини узатган. Сўнгра гелиоцентрик орбитага ўтиб, Меркурий билан 3 марта яқинлашди ва унинг 50 м гача жойини ажратиб кўра оладиган 3000 га яқин расмини олди.