МАРДИКОРЛИК — 1) ўрта асрларда Ўрта Осиёда марказий (хон, амир) ёки маҳаллий ҳукумат фармони билан натурал мажбуриятни бажариш, шунингдек, катта ер эгалари ерида ишловчи деҳқонлар меҳнатидан фойдаланиш. Канал қазиш, уни таъмир қилиш, ҳарбий истеҳкомлар қуриш ва б. оғир юмушларни бажаришда мардикорлар — сафарбар қилинганлардан фойдаланилган. Баъзан марказий ҳукумат фармони билан Мардикорликка вилоятлар аҳолиси жалб этилган. Бундай Мардикорлик «марди вило» деб аталган. Мас, 1559—80 й. ларда Хожа Саъд Жўйборий Вахш дарёсида (Вахши Ҳисор вилоятида) канал қурганда шайбонийлардан Абдуллахоннинг ёрлиғига биноан, Ҳисор, Қабодиён, Денов ва б. туманларнинг аҳолиси учун «марди вило» эълон қилиниб, канал қурилишига 10 минг киши сафарбар этилган.
2) 1-жаҳон уруши даврида подшо Россиясидаги чекка ўлкалардан фронт орқасига мажбуран сафарбар қилинган эркаклар меҳнати. Маълумки, чор ҳукумати ўлкада мустамлакачилик сиёсатини кучайтириб, уни Россиянинг хом ашё манбаи, тайёр маҳсулот бозорига айлантирди. Натижада туб аҳоли қаш-шоқлашди, зўравонлик ва зулм азобини тортди. Айниқса, 1жаҳон урушининг бошланиши шундай ҳам оғир ҳаётни янада ёмонлашишига олиб келди. Шундай шароит ҳукм сураётган бир пайтда 1916 й. 25 июнда подшо Николай II нинг «Империядаги рус бўлмаган эркак аҳолини ҳаракатдаги армия р-нида ҳарбий иншоотлар ва, шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган бошқа ҳар қандай ишларга жалб қилиш» фармонига мувофиқ, Сибирь, Қозоғистон, Ўрта Осиё ва Грузия маҳаллий аҳолисидан 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган 400 минг эркак сафарбар қилиниши мўлжалланди, жумладан, Туркистондан 250 минг киши сафарбар қилиниши керак эди. Бу фармон туб аҳолини қахр-ғазаби ва норозилигини янада қўзғатиб, қўзголон кўтарилишигатуртки бўлди. Мустамлакачилик сиёсати ва Мардикорликка сафарбар этишга қарши қаратилган халқ кураши шафқатсизларча бостирилди. Шундан кейин чор ҳукумати император фармонини амалга оширишга киришди. Бу ҳаракат халқ орасида «Мардикорликка олиш» номи б-н юритилди. Чор маъ-мурияти олинадиган мардикорларнинг сонини қуйидаги тарзда белгилади: Сирдарё вилоятидан 60000, Фарғона вилоятидан 51233, Самарқанд вилоятидан 32407, Еттисув вилоятидан 43000, Каспийорти вилоятидан 13830, жами — 200470 киши юборилиши шарт бўлган. Аммо, халқнинг қаршилиги туфайли 123000 дан ортиқ мардикор сафарбар қилишга эришилди. Улардан 101600 киши Россиянинг шим. ига, 4000 киши Сибирга, 7405 киши Кавказга ўрнаштирилди. 10 мингдан ортиқ кишилар Туркистон ўлкасида ишлатилди. Улар Москва, Петербург, Рязань, Тула, Орёл, Смоленск, Козон, Самара, Пермь, Екатеринбург, Оренбург, Киев, Харьков, Екатеринослав, Одесса, Запорожье, Керчь, Тбилиси, Ботуми ва б. жойларда ишладилар. Уларга арзимаган иш ҳақи тўланган, турар жойлари ҳам анча хароб бўлган. Мардикорлар ҳарбий ва оддий саноат корхоналарида, конларда, темир йўллар қурилишларида, ўрмонларда ва айрим саноатчи сармоядорлар (капиталистлар)нинг хўжаликларида ишлатилди. Улар очликдан, совуқдан, хўрлик ва машаққатли меҳнатдан кўп азоб-уқубатларни бошларидан кечирдилар. Уларнинг орасида ўлганлар ва оғир дардга чалинганлар бўлди, боқимандасиз қолган хотин ва болалари ҳам ниҳоятда қашшоқлашган эди. Мардикорлар 1917 й. чор ҳукумати ағдарилгандан кейин юртларига қашшоклашган ҳолда қайтдилар (яна қ. Жиззах кўзғолони, Ўрта Осиё қўзғолони).
3) хонадонлардаги юмушларни бажариш учун оғзаки келишув асосида муайян ҳақ эвазига хусусий шахсларга ишбай ёки вақтбай ёлланиб ишлаш.
Ҳамид Зиёев, Нуриддин Мусаев.