МАНТИ

МАНТИ (хитойча мян — хамир, ти — гўшт) — хамир таом. Манти учун хамир қаттиқроқ қилиб қорилади, сўнгра зу-вала ясаб, ўраб 10 мин. тиндириб қўйилади. Хамир юпқа (1—2 мм) қилиб ёйилади. Ёйма 10×10 см катталикда кесилади. Манти қиймаси учун гўштнинг лаҳм қисми гўштқиймалагичнинг йирик кўзидан ўтказилади ёки майда тўғралади. Қиймага пиёз, мурч, намакоб қўшиб, яхшилаб мижиғланади. Манти учун думба (чарви) ёғи бодомдай катталикда тўғралади. Ҳар бир жилдга бир бўлак думба ва қийма солиб, Манти тугилади. Манти ёғланган лаппакларга терилади, сўнг сув пуркаб мантиқасқонга қўйилади ва 45 мин. дан 1 соатгача буғланади. Тайёр таом ликоп, лаган ёки косаларда бетига қатиқ ёки қаймоқ қуйиб, мурч сепиб, дастурхонга тортилади. Ишлатиладиган масаллиғига кўра, Мантининг қовурма Манти, картошка М., ошқовоқ Манти, яхлит Манти ва б. турлари бор.