МАНТЕНЬЯ

МАНТЕНЬЯ (Mantegna) Андреа (1431, Венето — 1506.13.9, Мантуя) — италь-ян рассоми ва ўймакори, Уйғониш даври намояндаси, Падуя мактаби вакили. Қад. Рим ҳайкалтарошлиги ва меъморий безакларини ўрганиши, археология ва эпиграфика билан шуғулланиши Мантенья санъатининг шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бўлган. Мантенья диний композицияларга инсон шахсининг қудрати ва афзаллигини таъкидловчи қаҳрамонона дунёни англаш ҳиссини олиб кирди. Мантенья асарлари (Веронадаги Сан-Дзено Мажоре черкови триптихи, 1457—59 ва б.)да унинг ижодига хос бўлган қимматбаҳо эмалга қиёсланадиган бўёқ қатламининг металл жилоси шаклланди; манзарали замин ва атроф муҳитдан муҳим омилни ажратиб кўрсата олган. 1460 й. дан Мантуяда Лодовико Гонзаго саройида яшаган. Мантенья асарларида меъморлик (реал ва чизилган) билан рангтасвир уйғунлигига эришди (Сан-Жоржо қасридаги «Дель Споза хонаси», 1447 ва б.). «Цезарь тантанаси» асарлар туркуми (1485—88) Қад. Римнинг жиддий руҳи билан суғорилган; маъжозий мифологик композициялари, монохром картиналар туркуми («Парнас», 1497; «Самсон ва Далила», 1500-й.) сўнгги давр асарларига мансуб. Мантенья гравюралари («Денгиз худоларининг жанги», 7 та мис гравюра ва б.) образларининг маҳобатлилиги билан унинг рангтасвиридан қолишмайди, уларда кандакори нафис шакллар нозик чизиқ (штрих)лар б-н уйғунлашган.