МАМАТБУВА ҲОФИЗ

МАМАТБУВА ҲОФИЗ (асли Мухаммад Сатторов; 1885.14.1 — Марғилон — 1969.4.3) — Ўзбекистон халқ ҳофизи (1941). Халқ хонанда ва созандалари (Болтабой ҳофиз ва б.)дан халқ ашула йўлларини ўрганган. Ҳамза бошчилигидаги агитбригада, Ўзбек этнографик труппасида (1925—26), Ҳамза театрида (1926—30) хонанда. Уруш йиллари Янгийўл мусиқали драма ва комедия театри студиясида ёш санъаткорларга ашула йўлларини ўргатган. Г. Рахимова раҳбарлигидаги фронт концерт бригадасида хизмат қилган. Маматбува ҳофиз «Кўп эрди ҳасратим», «Бир келсун», «Айладинг», «Кулинг», «Фиғонким», «Сайдинг қўя бер, сайёд» каби катта ашулаларни маҳорат билан ижро этган. У «Ушшоқ», «Чоргоҳ», «Муножот», «Сегоҳ» ашула йўлларини, айрим замонавий қўшиқлар («Узбекистондир», «Шодлик этсангчи ёшлар», «Дилраболар» каби)ни катта ашула услубида айтган. Ж. Султанов, Маматбува ҳофиз Узоқов сингари ўнлаб халқ санъаткорларининг устози бўлган.