МАМАДҚУЛИЗОДА

МАМАДҚУЛИЗОДА Жалил (тахаллуси Мулла Насриддин, 1866.22.2, Нахи-чеван-Араке — 1932.4.1, Боку) — озарбайжон ёзувчиси, жамоат арбоби ва журналист. «Мулла Насриддин» номли ҳажвий жур. асосчиси (Тифлис, 1906 — 31). Мамадқулизода қисқа ҳикоянинг устаси, сатирик таланти кўпроқ шу жанрда намоён бўлган. Илк асари — «Эшакнинг ўғирлиниши» қиссаси 1894 й. нашр этилган. Мамадқулизода «Донобош қишлоғидаги воқеалар» (1894), «Почта қутиси», «Уста Зайнал» (1906), «Ўликлар» (1909), «Телбалар йиғини» (1936) ва б. асарлар муаллифи. «Онамнинг китоби» (1919), «Донобош қишлоғининг мактаби» (1921) каби ҳажвий асарларида озарбайжон халқининг миллий уйғониши кўрсатилган. Мамадқулизоданинг халқона ва ўз даврининг долзарб муаммолари кўтарилган ҳажвий асарлари озарбайжон, форс ва турк адабиётида сатира жанрининг ривожида муҳим ўрин тутади. Айрим асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.