МАЛИ

МАЛИ (Mali), Мали Республикаси (Republique du Mali) — Ғарбий Африкадаги давлат. Майд. 1,24 млн. км2, аҳолиси 11 млн. киши (2001). Пойтахти — Бамако ш. Маъмурий жиҳатдан Бамако ҳудуди ва 8 вилоят (регион)га бўлинган.

Давлат тузуми. Мали — республика. Амалдаги конституцияси 1992 й. 12 янв. даги референдумда маъқулланган. Давлат бошлиғи — президент (1992 й. дан Альфа Умар Конаре). Умумий тўғри овоз бериш йўли билан 5 й. муддатга сайланади. Қонун чиқарувчи хркимиятни Миллий мажлис (бир палатали парламент), ижроия ҳокимиятни президент билан ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Мали ҳудудиншг кўп қисми Шим. ярим шарнинг тропик минтақасида. Ер юзасининг 90% дан кўпроғи текислик, қолган қисми тоғлардан ва қоялар орасидаги ўйиқ камарлардан иборат. Малининг шим. қисмида Ғарбий ва Марказий Саҳрои Кабирнинг тош, қумтош ва шағалли чўллари жойлашган. Нигер дарёсининг ўрта оқими кенг аллювиал текислик. М. да боксит, темир ва марганец рудалари, туз, оҳактош, фосфорит, каолин, олмос, олтин, қалай, полиметалл рудалар, уран конлари бор.

Иқлими — тропик, иссиқ ва қуруқ; жан. чеккасида — субэкваториал. Йиллик ўртача т-раси 28—29°. Ўртача йилликёғин 150—1500 мм. Дарёлари — Сенегал, Нигер ва уларнинг ирмоқлари.

Мали ҳудудининг 1/2 қисми бутазор, саванна; қизғиш-қўнғир тупроқли ерларда бошокли ўсимликлар, акация, пальма ва баобаб, қизил латерит тупрокди ерларда Сенегал кайяси, терминалия ва б. дарахтлар усади. Жан. чеккасида саванна ўрмонлари, дарё бўйларида галерея ўрмонлари бор. Шим. чўл ва чала чўлларда оҳу, ғизол, жирафа, гепард, сиртлон, саванналарда кийик, арслон, қоплон, чиябўри, фил, тимсоҳ, бегемот, қушлар яшайди. Дарё ва кўлларда балиқ кўп. Термитлар, ёввойи асалари, цеце пашшаси ва б. ҳашаротлар тарқалган. Ўсимликлар ва ҳайвонларни қўриклаш учун Букль-дю-Бауле миллий боги ташкил этилган.

Аҳолиси. Малида бамбара, сонинке, малинке, фульбе, диула, сану, шунингдек, хасонке, качоро, сенуфо, догон, бобо, моей, Саҳрои Кабирда туареглар, араблар яшайди. Аҳолисининг 80% ислом, қолганлари христиан ва маҳаллий динларга эътиқод қилади. Расмий тил — француз тили. Аҳолининг қарийб 70% маҳаллий бамбара тилида сўзлашади. Аҳолининг 25,5% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Бамако, Мопти, Сегу, Сикасо.

Тарихи. Мали — Ғарбий Африкада ўрта аерларда вужудга келган давлатлардан бири. Мамлакатга Шим. Африка савдогарлари кириб келиши билан ислом дини ёйилган (8-а.). 19-а. нинг охиридан Ғарбий Африканинг марказий ҳудуди Франция мустамлакасига айланди. Маҳаллий аҳоли мустамлакачиларга қарши қаттиқ курашди. 1894 й. Нигер ва Сенегал дарёларининг юқори ва ўрта оқимларидаги ерлари Франция Судани номи билан Франция мустамлакаси. 1895 й. дан Франция Судани Франция Ғарбий Африкаси таркибига кирди.

2-жаҳон урушидан кейин Франция Суданида озодлик ҳаракати кучайди. 1946 й. охирида ташкил топган Африка демократик бирлашмаси секцияси — Судан Иттифоқи партияси миллий озодлик ҳаракатига бошчилик қилди, демократик ислоҳотлар ўтказиш учун кураш бошлади. Судан Иттифоқи Франция Ғарбий Африкаси мамлакатларилинг тараққийпарвар кучлари ва Франция Умуммеҳнат конфедерацияси таркибидаги касаба уюшмалари кўмагида мамлакатда етакчи сиёсий куч бўлиб қолди. 1957 й. унинг депутатлари Территориал ассамблеяда биринчи марта кўп овоз олишга муваффақ бўлдилар.

1958 й. 28 сент. да қабул қилинган Франция конституциясига мувофиқ, Франция Судани Судан Республикаси номи билан Франция Ҳамжамияти таркибига кирди. 1959 й. Судан Республикаси билан Сенегал Республикасининг бирлашувидан Мали Федерацияси ташкил топди. У 1960 й. июнда Франция Ҳамжамияти доирасида мустақилликка эришди. 1960 й. 20 авг. да Сенегал Республикаси Федерациядан чикди. Федерациянинг тарқалиб кетиши му-носабати билан Судан Республикасининг Қонун чиқарувчи ассамблеяси 1960 й. 22 сент. да Судан Республикасини М. Республикаси номи билан суверен ва мустақил давлат деб эълон қилди ва у Франция Ҳамжамиятидан чикди. Судан Иттифоқи партиясининг бош котиби М. Кейта республика президента бўлди. 1968 й. нояб. даги давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятни М. Траоре (1979—91 й. ларда президент) бошчилигидаги Миллий озодлик ҳарбий қўмитаси эгаллади. 1979 й. М. бошкарувнинг фуқаролик шаклига ўтди.

1991 й. 25 мартда давлат тўнтариши содир бўлди. Ҳокимиятни қўлга олган А. Т. Туре бошчилигидаги Халқни қутқариш қўмитаси демократик ислоҳотлар ўтказишга киришди. 1992 й. 1-ярмида ўтказилган кўп партияли асосдаги парламент ва президент сайлови фуқаролар бошқарувига ўтишни ниҳоясига етказди. М. Республикаси ЎзР суверенитетини 1992 й. 24 янв. да тан олди. Миллий байрами — 22 сент. — Мустақил куни (1960).

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. Малида демократия учун альянс — Панафрика озодлик, бирдамлик ва адолат партияси (АДЕМА), 1990 й. да тузилган; М. тараққиёт ва тикланиш партияси, 1991 й. да ташкил этилган; Демократия ва ривожланиш партияси, 1991 й. да асос солинган; Демократик ташаббус миллий конгресси партияси, 1991 й. да тузилган; Демократия ва тараққиётучун бирлашма, 1991 й. да ташкил этилган; Демократия ва меҳнат учун бирлашма партияси, 1991 й. да тузилган; Тараққиёт учун демократик кучлар иттифоки партияси, 1991 й. да асос солинган; Демократия ва тарак,қиёт партияси, 1991 й. ташкил этилган; Судан иттифоқи — Африка демократик бирлашмаси партияси, 1946 й. да тузилган, 1968 й. да тақикданган, 1992 й. дан яна ошкора ишлай бошлаган. Мали меҳнаткашлари миллий бирлашмаси касаба уюшмаси, 1963 й. да асос солинган.

Хўжалиги. Мали — афар мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қ. х. нинг улуши — 55%, саноатнинг улуши — 12%. Иқтисодий фаол аҳволининг 75% қ. х. да банд. Тезтез бўлиб турадиган қурғоқчилик мамлакат иқтисодиётига катта зарар етказади. Қ. х. да ерга жамоа эгалиги ус-тун. Мамлакат ҳудудининг салкам 9% ҳайдаладиган ва бўз ерлар, кўп йиллик экинзорлар, 24% яйлов ва пичанзорлар, 3,6% ўрмон ва бутазорлар, қолган қисми чўллардан иборат. 90 минг га ер суғорилади. Ҳайдаладиган ерларда донли экинлар, ер ёнғоқ ва пахта, шунингдек, каноп, маккажўхори, чой, тамаки, шоли, шакарқамиш, шаҳар атрофларида сабзавот ва мева, ҳамма жойда оқ жўхори, фонио, ямс, маниок етиштирилади. Мали — Ғарбий Африкадаги йирик чорвачилик мамлакатларидан бири. Қорамол, қўй, эчки, туя, йилқи боқилади. Ўрмонларда мебель ва б. эҳтиёжлар учун ёғоч тайёрланади. Дарёлар, ирмоклар ва кўлларда балиқ овланади.

Мустақиллик йилларида маъдан қазиб олиш йўлга қўйилиб, қайта ишлаш са-ноатининг 30 дан кўпроқ корхонаси барпо этилди. Бироқ маҳсулот и. ч. ҳажми жиҳатидан ҳунармандчилик ҳамон устун. Саноат и. ч. нинг ярмига яқини қ. х. хом ашёсини қайта ишлаш тармоғига тўғри келади. Пахта тозалаш, шоли оқлаш, ер ёнғоқ ва чигит ёғи, сабзавот ва мева консервалари з-длари бор. Тўқимачилик к-тлари, каноп, кўн-пойабзал, цемент з-длари барпо этилган. Кейинги йилларда велосипед ва мопед, транзистор йиғиш, металл кон-стуркииялар, мебель, кемасозлик корхоналари, трактор таъмирлаш устахоналари барпо этилди. Йилига ўртача 200 млн. кВтсоат дан кўпроқ электр энергия ҳосил қилинади.

Малида асосий транспорт тури — автомобиль. Автомобиль йўллари уз. — 18 минг км, шундан 3 минг км қаттиқ қопламали. Темир йўллари уз. — 720 км. Малининг денгизга чиқиш йўли йўқ. Ташқи савдо юклари Сенегал ва Кот-д’Ивуар орқали ташилади. Мамлакатда 10 аэропорт, жумладан, Бамакода ха-лқаро аэропорти бор. Мали четга пахта, ерёнғоқ, чорва ва балиқ маҳсулотлари, газлама, калава ип, олтин, олмос сотади. Четдан нефть маҳсулотлари, озиқ-овқат, машина ва ускуналар, қурилиш материаллари, кимёвий моллар ва б. олади. Савдо-сотиқдаги мижозлари: Франция, Германия, Япония, Кот-д’Ивуар, Сенегал, Гана. Пул бирлиги — Африка франки.

Тиббий хизмати. Тиббий ёрдам давлат муассасаларида амалга оширилади. Врачлар Миллий тиббиёт мактабида тайёрланади.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Мали ҳудудида дастлабки диний мактаблар 14-а. да пайдо бўлди. 15—16-а. ларда Томбукту ва Жен-неда Африкадаги энг кўҳна мусулмон унтлари ишлай бошлаган. Дастлабки дунёвий мактаблар 19-а. нинг 2-ярмида очилди, аммо улар жуда оз бўлган.

Мамлакат мустақиллиги эълон қилинган (1960) пайтда французча услубда ташкил этилган мактаб тизими 6 й. лик бошланғич, 7 й. лик ўрта ва касб-хунар таълимидан иборат эди. 1962 й. да 6 ёш дан бошлаб 5 й. лик, 1968 й. да 9 й. лик мажбурий таълим жорий қилинди. Қуйи касб-ҳунар таълими бошланғич мактаб негизида 3 й. давомида амалга оширилади. Бошланғич мактаб ўқувчилари пед. ин-тларида, тўлиқсиз ўрта мактаб ўқитувчилари нормал мактабларда, тўлиқ ўрта мактаб ўқитувчилари Олий нормал мактабда тайёрланади. Олий ўқув юртлари: Бамакода пед. ин-ти (Олий нормал мактаб), Миллий олий маъмурий мактаб, Миллий муҳандислар мактаби, Миллий тиббиёт мактаби, Катибугудаги қ. х. политехника ин-ти.

Бамакода Миллий кутубхона, Муниципал кутубхона, ижтимоий фанлар инти ҳузурида Миллий музей, зоотехника тадқиқот маркази, Моховга қарши кураш тадқиқот ин-ти, Тропик офтальмология ин-ти, Миллий тропик агрономия ва озиқ-овқат экинлари ин-ти ва унинг тадқиқот ст-ялари, Миллий мевачилик маркази, Томбуктуда Тарихий тадқиқот ва ҳужжатлаштириш маркази ва унинг қад. араб қўлёзмалари архиви, Шоликорлик тадқиқот маркази, Миллий халқ соғлиғини саклаш соҳасидаги тадқиқот ин-ти бор.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Малида нашр этиладиган йирик газ. лар: «Журналь офисьель де ла Репюблик дю Мали» («Мали Республикаси расмий газетаси», ҳукуматнинг француз тилида чиқадиган хабарномаси), «Кибару» («Янгиликлар», бамбара тилида чиқадиган ойлик газ., 1972 й. дан), «Орор» («Тонг», француз тилида ойига 2 марта чикадиган газ., 1990 й. дан), «Эссор» («Юксалиш», француз тилида чикадиган кундалик газ., 1949 й. дан; бамбара ва француз тилларида иловалари чиқарилади). Мали мат-буот ва реклама агентлиги (АМАПП), 1977 й. да ташкил этилган. Мали радио-эшиттириш ва телевидение хизмати, давлат назоратида, 1957 й. да асос солинган.

Адабиёти. Мали халқ оғзаки ижоди бой ва рангбаранг. Халқ афсоналарини тўплаш ва нашр этишга 20-а. нинг 30-й. ларида киришилди. Ҳоз. адабиёти, асосан, ‘ француз тилида. Тарихчи И. М. Уан ўзининг тарихий романлари («Фадимата, чўл маликаси» ва б.) билан ҳоз. замон М. адабиётининг асосчиси ҳисобланади. 20а. 2-ярмидаги йирик ёзувчиларидан бири, жамоат арбоби Фили-Дабо Сиссоконинг «Қизил Саванна» романида 1жаҳон уруши даврида маҳаллий зиёлиларнинг вужудга келиши, туарегларнинг француз босқинчиларига қарши қўзғолони баён қилинган. Малида ёш шоирлар етишиб чикди. 60-й. лар охири ва 70-й. лар бошларида Мали адабиётида фольклор асарлари (тарихий афсоналар, эртаклар ва ҳ. к.)ни қайта ишлаш давом эттирилди («Кала Жата» ва б.). М. мустақилликка эришгач, проза ва поэзия гуркириб ривожлана бошлади.

Меъморлиги ва амалий санъати. Мали ҳудудидан неолит даврига мансуб маданият ёдгорликлари топилган (кряларга битилган ёзувлар, ғор деворларига ишланган ов, уруш манзаралари ҳамда рақслар тасвирланган расмлар ва б.). Қишлоқларда кулбалар сомонли лой («банко»)дан дойра шаклида, синчли, деразасиз, кулоҳсимон ва томи камишдан; шаҳарларда тўғри бурчакли қилиб қурилади, томлари лой, тунука ёки шифер б-н ёпилади. 11 —16-а. ларда Малида шаҳар қурилиши ривожланди (Ниани, Гао, Томбукту, Женне ва б.), улар мустаҳкам деворлар билан ўралди. Жамо-ат бинолари (Томбуктудаги сарой), масжидлар (Томбукту, Мопти, Жен-неда) қурилди. Мустамлакачилар хукмронлиги даврида Ғарбий Европа эклектикасига хос бинолар юзага келди (соборлар, ҳукумат муассасалари ва б.). 20-а. нинг 2-ярмидан замонавий бинолар курила бошлади.

Ўймакорлик санъати ривожланган. Енгил ёғочлардан маросим ниқоблари, одам ва ҳайвон шакллари, стуллар, эшиклар, идиш ва тароқлар, мис бу-юмлар ясалади, илон ва тимсоҳ терисидан сумка, камарлар тикилади. 20-а. ўрталаридан замонавий санъат вужудга келди. Рассом Б. Кейта асарлари бунга мисолдир.

Мусиқаси мамлакатда яшовчи турли халқпар мусиқий маданияти крришмасидан таркиб топган. Баъзилари қад. анъаналарга эга бўлиб, ўрта асрлардаги Мали империяси давридан бошланган. Сарой мусиқаси белгилари сақланиб қолган. Мали халқдарининг чолғу ас-боблари орасида кўра деб аталувчи 21 торли арфа, нъгони деб аталувчи 4 торли гитара, бала деб аталувчи ёғоч чанг, шунингдек дўмбира, табеле кабилар бор. Сенуфо халқи хор усулида қўшиқ айтишни севади, ёғоч чанг оркестрлари, турли ансамбллар мавжуд. Анъанавий мусиқа ижрочиларидан С. Базумана, Ф. Дембе машҳур. 20-а. да И. Со-умаро, А. Соумаро каби бастакорлар етишиб чиққан.

Театри. Мали халқларида қадимдан саҳна томошалари (ниқобда раке тушиш, қўшиқлар куйлаш, турмуш ҳангомалари), деҳқончилик ишлари, қишлоқлардаги байрамлар, удумлар билан боғлиқ томошалар кўрсатиш одат бўлган. Бамбараларнинг котеб халқ театри гуруҳлари 20-а. нинг 30—40-й. ларида Бамако кўчаларида томошалар кўрсатган. 50-й. лардан замонавий шаклдаги ҳаваскорлар театри вужудга кела бошлади. Мали мустақилликка эришгач, бу театр оммавий тус олди. Унинг саҳнасида республика турмуши долзарб мавзуларидаги пьесалар қўйила бошлади. 1962 й. дан ҳаваскор санъаткорларнинг мусобақа кўриги мунтазам ўтказиб келинади. 1963 й. да Бамакода Миллий санъат ин-ти ташкил топди. Ин-т ҳузуридаги драма бўлими театрлар учун кад-рлар тайёрлайди.

Киноси. 1963 й. да ҳафталик кинохроникалар тайёрлаш учун гурухлар тузилди. 1977 й. да ташкил этилган Миллий кино маркази бадиий ва ҳужжатли фильмлар чиқара бошлади. Малида 1960-й. ларнинг бошидан хроник фильмлар суратга олинган. 1965 й. С. Сиссенинг «Инсон ва санамлар» ҳужжатли фильми яратилди. 70-й. ларда яратилган қисқа метражли фильмлар: «Тьеманнинг кайтиши» (реж. Д. Куйате), «Бир умрнинг беш куни», «Қитьа жанубида қора байроқ», «Баара» (ҳаммасининг реж. С. Сиссе). Малининг етакчи реж. ҳисобланган С. Сиссенинг «Меҳнат» фильми ижтимоий муаммоларга багишланган. Кейинги йилларда яратилган фильмлар: «Маҳбус» (реж. С. Кулибали), «Ҳаммаси тамом бўлди» (реж. К. Дьенте), «Биз ҳаммамиз айбдормиз», «Крядаги дуэль» (реж. И. Траоре) ва б. Мамлакатда 20 га яқин кинотеатр бор. Йилига 1—2 бадиий фильм яратилади.