МАЖЗУБ

МАЖЗУБ Намангоний (тахаллуси; асл исми Абдулазиз) [18-а. 2-ярми, Қарши — 1849 (1857), Наманган] — шоир. Ўзбек тасаввуф адабиётининг йирик намояндаларидан бири. Бухоро мадрасаларида таҳсил кўрган. Шу ерда Халифа Ҳусайн Янгиқўрғонийдан тасаввуф таълимини олган.

Мажзуб тасаввуфда зикри жахрия (ошкора зикр) йўлининг ўзига хос услубини татбиқ этган. Унинг қаламига мансуб «Девон»га кирган «Соқийнома» (181 саҳифа) суфийларнинг суҳбатларида махсус мақом билан ўқилган. Бу эса, ўз навбатида, зикр вазифасини ҳам ўтаган. Унга эргашувчиларни мажзубийлар деб аташган. 19-а. да Туркистонда мажзубхонлик кенг тарқалган. Мажзуб асарлари ўз даврида ва кейинчалик ҳам кўплаб қўлёзма манбалардан ўрин олган, тўпламлар ҳолида бир неча бор нашр этилган ва кенг тарқалган.

Мажзубнинг ўзбек ва форс тилларида ало-ҳида-алоҳида «Девон»и бўлиб, уларнинг асосий қисмини ғазал, мухаммас, қасида, соқийнома ташкил этади. Бундан ташқари, Мажзубнинг форс тилида яратилган «Тазкираи Мажзуб Намангоний» номли асари ҳам бор. Бу тазкира тасаввуф шайхлари ва суфиёна истилоҳлар мазмунига бағишланган. «Девони Мажзуб», «Тазкираи ҳазрати Мажзуб Намангоний» асарлари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-ти қўлёзмалар фондида сақланади (инв. №1018; 2662, 2125,2567, 1481).

Ад.: Тазкираи Қайюмий, [1китоб], Т., 1998; Остонақулов И., Фарғоналик валийлар, Т., 2001.

Отабек Жўрабоев.