МАЖБУРИЯТ

МАЖБУРИЯТ (ҳуқуқда) — фуқаролик ҳуқуқий муносабати. Унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга ошириш (мол-мулкни топшириш, ишни бажариш ва ҳ. к.)га ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса қарздордан ўзининг Мажбурият ини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Мажбурият келиб чиқиш асослари, жавобгарлик шартлари ва шаклларига кўра, 2 гуруҳга бўлинади: шартномага асосланган Мажбурият, шартномага асосланмаган (деликт) М. Шартномага асосланган Мажбуриятнинг турлари, предмети, яъни қайси мақсадга эришишга қаратилган бўлиши, тарафлари ва уларнинг ҳуқуқ-бурчлари, Мажбуриятни бажармасликнинг оқибатлари ва б. жиҳатлари ЎзР Фуқаролик кодексида баён қилинган (29 — 56-боблар.). Шартномага асосланмаган, яъни зарар етказишдан келиб чиқадиган Мажбуриятга кодекснинг 57—58-боблари бағишланади. Уларда зарар етказишдан келиб чиқадиган Мажбуриятга хос умумий қоидалар; фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш Мажбурият и; товарлар, ишлар, хизматлардаги нуқсонлар оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш Мажбурияти кўрсатиб берилган. Шартномага асосланган Мажбурият тарафларнинг эркига асосан ва келишуви билан вужудга келади, бундай Мажбуриятнинг тарафлари ва унинг предмети, қандай мақсадга қаратилиши олдиндан маълум ва аниқ белгиланган бўлади, Мажбурият бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун жавобгарликни белгилашда тарафларнинг айби ҳисобга олинади. Шартномага асосланмаган Мажбурият тарафларнинг эрки, хоҳишидан ташқари вужудга келади, тарафлар зарар етказилгандан кейин маълум бўлади, предмети зарарнинг тури, ҳажми, даражасига қараб белгиланади, жавобгарлик зарар етказувчининг айби бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар белгиланади. Зарар етказувчи фақат қонунда назарда тутилган ҳоллардагина жавобгарлиқдан озод бўлиши мумкин.

Ҳожиакбар Раҳмонқулов.