МАЖБУРИЯТ ҲУҚУҚИ

МАЖБУРИЯТ ҲУҚУҚИ — мажбуриятларга оид муносабатларни тартибга солиб турувчи фуқаролик ҳуқуқий нормалар мажмуи. Мажбурият ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси ФК 3-бўлимини ташкил қилади ва у 2 қисмдан — мажбуриятлар тўғрисидаги умумий қоидалар ҳамда мажбурият турлари кўрсатилган махсус қисмдан иборат. Умумий қоидаларда мажбурият тушунчаси ва унинг қўлланилиши билан боғлиқ муносабатлар доираси, мажбуриятнинг вужудга келиш асослари ҳамда мажбуриятнинг тарафлари тавсифлаб берилган, мажбуриятни бажариш, бажарилишини таъминлаш усуллари, мажбуриятдаги шахсларнинг ўзгариши, мажбуриятни бузганлик учун жавобгарлик, мажбуриятнинг бекор бўлиши асослари кўрсатиб ўтилган. Махсус қисм нормалари алоҳида мажбуриятларни тартибга солади.

Мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун хужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса — иш муомаласи одатларига ёки, одатда, қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Мажбуриятнинг бажарилиши неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, закалат ҳамда қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган бошқа усуллар билан таъминланиши мумкин. Мажбуриятлар қонунларда ёки шартномада назарда тутилган асосларга кўра, тўлиқ ёки қисман бекор бўлади.