МАЖБУРИЙ ДАВОЛАШ

МАЖБУРИЙ ДАВОЛАШ — суднинг тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари. Бундай чоралар жиноят қонунчилиги бўйича жазо тури ҳисобланади. Мажбурий даволаш фақат суд орқали амалга оширилади. Бунда даволаш муддати белгиланмайди. Мажбурий даволашнинг ҳуқуқий асослари ЎзР Жиноят кодексида баён қилинган. Мажбурий даволашнинг қуйидаги турлари қонунда назарда тутилган: а) мажбурий амбулатория кузатувида бўлиш ва руҳий касаллик мутахассисида даволаниш; б) умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасининг соғлиқни тиклаш бўлимида мажбурий даволаниш; в) умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасининг соғлиқни тиклаш махсус бўлимида мажбурий даволаниш; г) кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида ёки бўлинмасида мажбурий даволаниш.

Мажбурий даволаш чоралари руҳий касалликка чалинган шахсларни даволаш ва уларнинг янги ижтимоий хавфли ҳаракатлар содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланади. Суд тиббий йўсиндаги Мажбурий даволаш турини тайинлашда бундай шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасини эътиборга олади. Мас, кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида ёки бўлимида Мажбурий даволаш ўта ижтимоий хавфли булган ёки хулқига кўра, умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонаси шароитида даволанишнинг имкони бўлмаган руҳий касалликларга нисбатан тайинланади. Мажбурий даволаш муддатини узайтириш, ўзгартириш ва бекор қилиш масаласини руҳий касалликлар шифокорлари комиссиясининг хулосасига асосланган ҳолда суд ҳал қилади. Агар Мажбурий даволаш чораси қўлланилган шахс жавобгарликка тортиш муддатлари ўтмасдан тузалса, жавобгарликка тортилади ва Мажбурий даволаш вакти жазо муддатига қўшилади. Ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка йўлиққан шахслар томонидан жиноят содир этилган такдирда, суд бундай шахсларга нисбатан жазо тайинлаш б-н бирга, Мажбурий даволаш чорасини ҳам тайинлаши мумкин. Руҳий касаллар Мажбурий даволашни махсус назоратли тиббий муассасада, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ёки зақарвандликка йўлиққан шахслар ўзлари жазони ўта-ётган тиббий муассасада, яъни озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони утаетганлар ўзлари яшаётган жойдаги тиббий муассасада, озодликдан маҳрум қилиш ва қамоқ жазосини утаетганлар эса жазони ўташ жойида мажбурий даволанадилар.

Мамажон Усмоналиев.