МАЖАПАХИТ

МАЖАПАХИТ — маркази Ява о. да бўлган Индонезиядаги давлат (1293 — тахм. 1520). Маркази — М. шаҳри. Индонезиянинг кўп қисмини бирлаштирган. Мажапахит даври ўрта асрлардаги Индонезиянинг энг марказлашган вакти бўлган. Империянинг асосчиси — Вижая (Кертаражаса). У давлатнинг халқаро сиёсий ва иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаган. Марказлаштириш сиёсатидан норози бўлган Ява зодагонлари бир неча марта (Рангга Лаво қўзғолони, 1295; Сори – 1298-1300; Намби – 1309—16; Кути — 1319) Вижая ва унинг ўғли Жаянагарга қарши чиққанлар. 1331 й. даги сўнгги қўзғолонлар бостирилгач, Мажапахит марказлашган давлатга айланган. 14-а. да Ява маданияти гуллаб яшнаган. «Нагаракертагама» тарихий достони ёзилган, ибодатхоналар қурилган, тасвирий санъат ривожланган. 15-а. ўртасидан Мажапахит инқирозга учрай бошлаган. Вижаялар сулоласи 1451 й. гача ҳокимиятни бошқарган. Сўнгги марта Мажапахит ҳақида манбаларда 1516 й. да эслатиб ўтилган. Тахм. 1520 й. М. салтанати бир неча майда давлатларга бўлиниб кетган.