МАҲДИЙЧИЛАР ҚЎЗҒОЛОНИ

МАҲДИЙЧИЛАР ҚЎЗҒОЛОНИ — Суданда инглиз мустамлакачилари, Туркия, Миср ҳукмронлигига қарши кўтарилган қўзғолон (1881—98). Унга маҳдийлик асосчиси Муҳаммад Аҳмад Махдий (унинг ўлимидан кейин Абдуллоҳ ибн ал-Саид Муҳаммад; 7—1899) раҳбарлик қилган. Қўзғолон жараёнида маҳдийчилар мамлакатнинг кўп қисмини эгаллашган. Суданнинг жан. даги қабилалар ҳам қўзғолон кўтариб, чет эл қўшинларини қувиб чиқаришда қўзғолончиларга ёрдам берганлар. Тез орада бутун мамлакатдан чет эл армияси сиқиб чиқарилган. Қўзғолон даврида мустақил марказлашган давлат вужудга келган. Ҳоз. Судан Республикасининг деярли бутун худуди Маҳдийчилар давлати таркибида бўлган (1885). Бу давлат 15 йил ҳукм сурган. Давлат даромадлари халқдан олинадиган соликлар, қул савдоси, фил суягини экспорт қилиш ва ҳарбий ўлжалар бўлган. 1896 й. да Англия катта куч билан Маҳдийчилар давлатига бостириб кирган. 1898 й. 2 сент. да Омдурман жангида маҳдийчилар армияси инглиз қўшинлари томонидан тормор қилинган. Судан амалда инглиз мустамлакасига айланиб қолган.