МАҲАБҲАРАТА

«МАҲАБҲАРАТА» («Бҳарата авлодлари жангномаси») — қад. ҳинд қаҳрамонлик эпоси. Дастлабки намунаси мил. ав. 10—8-а. ларда юзага келган «Маҳабҳарата» 25 минг мисрадан иборат шеърий қўшиқлардир. Айтилишича, у аввал «пракрит» (халқ) тилида оғиздан оғизга кўчиб юриб, кейинчалик санскрит тилида ёзма адабиётга кириб келган. Асар қаҳрамонларидан бири афсонавий авлиё Вьяса унинг муаллифи саналади. Эпос турли ҳажмдаги 18 китобдан иборат бўлиб, ҳинд адабиётидаги анъанавий сюжет ичида сюжет услубида яратилган. «Ҳариванша» («Ҳарий сулоласи») номли 19 китоб кейинчалик ило-ва сифатида киритилган. «Маҳабҳарата»даги баъзи ривоят ва қаҳрамонлар веда адабиётида ҳам учрайди. Сюжетлар асосан афсона ва ривоятлардан иборат бўлиб, вақт ўтиши б-н улар янгиланиб, ўзгариб, асарнинг ҳажми катталашиб борган. Жумладан, «Шакунтала қиссаси», «Рама қиссаси», «Шива ҳақидаги қисса», «Нала қиссаси», «Шоҳ Шива ҳақидаги қисса», «Савитрий қиссаси» каби ривоятлар халқ оғзаки ижодидан кириб келган. Эпосда Ҳиндистондаги қад. Ҳастинапур (бугунги Дехли) давлатининг шоқи Бҳаратанинг еттинчи авлодида (кавравлар ва пандавлар ўртасида) тахт учун бўлиб ўтган буюк жанглар тарихи баён этилади. Ундаги воқе-алар мил. ав. 2000 й. ликнинг 2-ярмида бўлиб ўтган, деб тахмин қилинади. Эпоснинг ҳинд халқи ҳаётида муҳим аҳамиятга эга эканлигининг сабабларидан яна бири шундаки, ҳиндуизмнинг муқаддас китоби бўлмиш «Бҳагавадгита» («Илоҳий қўшиқлар») ҳам айнан «Маҳабҳарата» воқеалари орқали шу кунгача етиб келган. Афсоналарга кўра, худо Вишну ҳинд халқини разолат ва зулматдан озод этиш учун чўпон Кришна қиёфасида ер юзига тушади ва эпосда адолат тимсоли бўлмиш пандавларнинг тоғаси сифатида уларнинг ғалаба қозонишига кўмаклашади. «Бҳагавадгита» эса Кришнанинг Куру майдонидаги буюк жангдан ав-вал беш ака-ука пандавларнинг иккинчиси — Аржунга берган диний-фалсафий ўгитларидир. «Бҳагавадгита»даги маъбуд Кришнанинг сўзлари, у кўтариб чиққан ғоя бугунги ҳинду-измнинг асосий қонунқоидаларини ташкил этади.

«Маҳабҳарата»да тасвирланган манзаралар, жанг эпизодларининг, асар персонажларининг бадиий ифодаси асрлар мобайнида ҳинд адибларини илҳомлантириб келди. Бугунги кунда Ҳиндистонда ҳар бир миллатнинг ўз «Маҳабҳарата»си мавжуддир. Жумладан, Андҳра Прадеш халқининг «Андҳра Маҳабҳарати» эпоси буюк «Маҳабҳарата»нинг таржимаси эмас, балки андхра халқининг «Маҳабҳарата» эпосидан таъсирланиб яратган янги асаридир, шу боис унинг номи ҳам штат номи билан боғлиқ. Эпосдаги сюжетларни Ҳиндистон, Малайя, Индонезия, Мьянма, Шри Ланка ва б. халқдар миллий адабиётида учратиш мумкин. Ж. Неру «Маҳабҳарата» билан «Рамаяна» эпосларининг адабиётга таъсирини баҳолаб: «Омма онгига бу икки асардек узоқ муддат давомида ҳамда чуқур таъсир қила олган китобни бошқа ҳеч бир мамлакатда кўрмадим», — деган эди. «Маҳабҳарата» жа-ҳоннинг кўпгина тилларига таржима қилинган, шу жумладан, «Жанглар қиссаси. Маҳабҳарата ёки Бҳарата авлодлари жангномаси» С. Йўлдошев таржимасида ўзбек тилида чоп этилган (1970).

Ад.: «Махабхарата», Адипарва, кн.1 [Пер. с. санскрита и коммент. В. И. Кальянова; под ред. и послесл. акад. А. П. Баранникова], М — Л., 1950; Серебряков И. Д., Древнеиндийская литература, Маҳабҳарата, 1971; «Маҳабҳарата», Т., 1966.

Улфатхон Муҳибова.