МАГНОЛИЯ

МАГНОЛИЯ (Magnolia) — магнолиядошлар оиласига мансуб доим яшил ёки барг тўкадиган дарахтлар туркуми. Шарқий ва Жан.-Шарқий Осиё, Шим. Американинг жан.-шарқи ҳамда Марказий Америкада 80 га яқин тури бор. Ўзбекистонда 3 тури манзарали ўсимлик сифатида ўстирилади. Шундан йирик гулли Магнолия доим яшил манзарали дарахт сифатида тарқалган. Ўзбекистонда ўстириладиганининг барги кузда тўкилади. Бўйи 10—13 м оралиғида. Барглари эллипссимон ёки тухумсимон, ялтироқ, бандли, кетма-кет жойлашган. Гуллари йирик, оқ, хушбўй, якка. Барги таркибида эфир мойлари, глюкозидлар, пўстлоғи ва илдизида алкалоидлар бор. Баргидан тайёрланган суюқ эксракт қон босимини пасайтиришда қўлланади.