МАГНИЙ РУДАЛАРИ

МАГНИЙ РУДАЛАРИ — таркибида иқтисодий жиҳатдан самарали миқдорда магний бўлган ва уни техник жиҳатдан ажратиб олиш мумкин бўлган табиий минерал тузилмалар. Магний 100 дан ортиқ жинс ҳосил қилувчи минераллар таркибида учрайди. Эритма ҳолатидаги денгиз сувларида чекланмаган ресурслари мавжуд. Магний рудаларига брусит (таркибида Mg 42% гача), форстерит (34,6%), магнезит (29%), серпентин (26% гача), кизерит (18% гача), бишофит (12%), каинит (10%), карналлит (8,7 %), астраханит (7,3%), полигалит (4,8%) ва б. киради. Доломитлар Магний рудалари сифатида таснифланмайди, бирок, улардан намакоб ва денгиз суви билан биргаликда магнит бирикмаларини олиш учун фойдаланилади. Магний рудаларининг асосий минераллари чўкиндили келиб чиқишга эга, иккинчи даражалилари эса нураш ва метаморфизм жараёнида юзага келади. Саноат аҳамияти бўйича магнезитларнинг учта: лагунаденгиз, гипербазитларнинг нураш пусти ва кул типи аржатилади.

Магний рудалари турли геологик даврларда иқлимнинг сернам ва қурғоқчил шароитларида вужудга келган ва тўпланиб борган. Магнезитнинг асосий конлари кембрийгача бўлган даврга мансуб. Юқори палеозой лагуна магнезитлари Европада кенг тарқалган. Магнезитли ва бруситли рудалар, одатда, очиқ усулда, нураш пусти магнезити ва хлоридли рудалар эса ер остидан қазиб олинади. Қайта ишлаш усуллари ҳам руда типига боғлиқ ҳолда бир-биридан фарқ қилади. Магнезитли тузларнинг ер ости сувлари таъсирида ювилиб кетиши натижасида табиий шўр сувлар ва шўр сувли булоқлар ҳосил бўлади. Ҳоз. туз конлари (шўр сувлар уларнинг чўкиндилари) ёпиқ қўлтикларда (Қорабўғозгўл) ва қуруқликдаги берк қавзалардаги кўлларда вужудга келади. Магний денгиз сувидан ҳам олинади. Магний рудалари минераллари, асосан, ўтга чидамли ва сурков материаллари сифатида ишлатилади. Ўзбекистонда магний минералларининг катта концентрациялари мавжуд бўлиб, улардан кенг фойдаланилади (Олмалиқ, Кумушкон, Томдибулоқ ва ҳ. к.).