МАГНИЙ ОКСИД

МАГНИЙ ОКСИД (куйдирилган магнезия) , MgO — магнийнинг кислородли бирикмаси. Рангсиз кристалл модда. Табиатда периклаз минерали кўринишида учрайди. Суюқланиш т-раси 2827°, қайнаш т-раси 3600°, зичлиги 3,58 г/см3. Моос бўйича қаттиқлиги 5—6. Хаводан сув ва карбонат ангидридни ютиб, магний гидроксид ва магний карбонат ҳосил қилади. Сувда деярли эримайди. Аморф ҳолдаги Магний оксид кислоталарда, аммоний тузлари эритмаларида, ҳатто сирка кислотада ҳам яхши эрийди. Магний оксид 1200°—1600° да қиздирилса йирик кристаллар ҳосил қилади. У сувда ва кислоталарда эримайди. Магний оксид резина буюмлари олишда, ўғитларни донадорлашда, нефть мақсулотларини тозалашда, тиббиётда, магнийли цементлар олишда, қурилиш материаллари саноатида, сунъий тошлар и. ч. да ишлатилади.