МАГНИТОМЕТР

МАГНИТОМЕТР (магнит ва… метр) — магнит индукция, магнит майдон кучланганлиги ва доимий магнитларнинг магнит моментларини ўлчаш учун мўлжалланган асбоб. Магнитомеханик, электромагнит, индукцион ва феррозонд Магнитометрлар бор. Магнитомеханик Магнитометрда ўлчанаётган магнит майдонда 2 доимий магнит ўзаро таъсирлашади, натижада улардан бири муайян бурчакка оғади. Бундай Магнитометр мутлақ (мас, магнит теодолит) ва нисбий (мас, кварц асбоб) ўлчашлар учун қўлланилади. Электромагнит Магнитометрда текширилаётган магнит майдон ғалтакдаги электр токи магнит майдони билан таққосланади. Индукцион Магнитометрнинг иши электромагнит индукция ҳодисасига асосланган. Феррозонд Магнитометрнинг иши ўзгарувчан ток ўтадиган чулғамли ўзакнинг магнит ўтказувчанлиги ўлчанаётган магнит майдон таъсирида ўзгариши ҳодисасига асосланган. Магнитометр ёрдамида Ер ва б. сайёраларнинг магнит майдони ўлчанади, магнит ўзгаришларига дойр ҳодисалар ўрганилади, фойдали қазилма конлари қидирилади; магнит материалларнинг хоссалари ўлчанади ва б. илмий ҳамда амалий ишлар бажарилади.