МАГНИТОФОН

МАГНИТОФОН (магнит ва-… фон) — товуш (нутқ, мусиқа) ни магнит лентага ёзиб олиш ва қайта эшиттириш учун мўлжалланган аппарат. Касб билан боғлиқ (профессионал), диспетчерлик, маиший (рўзғорда фойдаланиладиган), махсус, муқим (стационар) ва портатив (ихчам; ҳам батареядан, ҳам электр манбадан ишлайдиган) хиллари бўлади. Магнитофон, асосан, лента (тасма) тортиш механизми; лентани тескари ўраш механизми; ёзиб олинадиган ва кайта эшиттириладиган товуш сигналларни кучайтиргич; магнит каллак; акустик тизим (радиокарнайлар) дан иборат. Товуш сигналлари аппаратдан магнит каллак орқали бевосита магнит лентага (товушни ёзиб олишда) ёки акустик тизим (радиокарнайлар) га (товушни қайта эшиттиришда) узатилади. Товушни ёзиб олиш йўллари сони бўйича Магнитофон бир ва куп (8 тагача) йўлли; магнит лентанинг жойлашувига кўра, кассетали ва ғалтакли хилларга бўлинади. Одатда, Магнитофонда битта (монофоник) ёки иккита (стереофоник) ёзиб олиш — қайта эшиттириш канали бўлади. Магнитофон магнит ленталарининг ҳаракатланиш тезлиги 38,1; 19,05; 9,53; 4,76; 2,4 м/с. Ҳозир ишлаб чиқарилаётган аксар Магнитофонлар ленталарининг ҳаракатланиш тезлиги 4,76; 2,4 м/с. Магнит лентага ёзиб олинган товушни ўчириб, айни пайтда ўрнига янгисини ёзиб олиш мумкин. Магнитофонда лентани тескари ўраш тезлиги иш тезлигига нисбатан 5—10 марта юқори (яна қ. Магнитола, Магниторадиола).