МАГНИТОБИОЛОГИЯ

МАГНИТОБИОЛОГИЯ — биофизиканинг бир бўлими, табиий ва сунъий магнит майдонининг тирик организмларга таъсирини, органлар (юрак, мия, нервлар ва б.) ҳосил қилган магнит майдонини ҳамда биологик моддаларнинг магнитлик хусусиятларини тадқиқ қилади. Сунъий магнит майдонининг одам организмига таъсири тўғрисидаги маълумотлар қадимдан маълум. Ўша даврда магнитнинг шифобахш хусусиятига ортиқча баҳо берилган; магнит ҳар қандай касалликка даволиги ва ҳатто ёшартириши тўғрисида кўп ёзилган. 19-а. да европалик шифокорлар (жумладан, француз невропатологи Ж. А. Шарко, рус шифокори С. П. Боткин) магнит майдони асабни тинчлантиради, деб ҳисоблашган. Магнитобиология 20-а. нинг 60-й. ларидан бошлаб космик биол. пайдо бўлиши б-н тез ривожлана бошлади; кучайтирилган магнит майдонининг биологик таъсирини ўрганишга асосий эътибор берилди. Магнит майдони кучланиши эрстед билан ўлчанади. Бу кучланиш 140000 эрстедгача ўзгариб туради. Сут эмизувчиларнинг барча органлари магнит майдонидан таъсирланади. Бошқариш функциясини бажарадиган органлар магнит майдонига сезгир бўлади. Кучли магнит майдони нерв системасига тормозловчи таъсир кўрсатади, яъни шартли ва шартсиз рефлексларни сўндиради. Ўсимликларда кучли магнит майдони илдизнинг ўсишини тўхтатади, фотосинтез интенсивлигини камайтиради. Магнит майдони таъсирида микроорганизмларнинг ўсиш тезлиги ва фермент системаси фаоллиги, РНК синтези, юқори ҳароратга сезгирлиги ўзгаради. Геомагнит майдони тирик организмларнинг ўрни ва вақтни чамалашда аҳамиятга эга эканлиги тахмин қилинади. Шунингдек, қушлар ва балиқларнинг узоқ худудларга кўчиб утиши (миграцияси)да, чувалчанглар, моллюскалар, ҳашаротлар ва б. ҳайвонларнинг ҳаракатланишида ҳам чамаловчи таъсир курсатиши мумкин, айрим ўсимликлар илдиз системаси магнит меридианига нисбатан йўналади. Магнитобиология соҳасидаги маълумотлар терапевтик мақсадларда ва и. ч. да фойдаланиладиган магнит майдонини гигиеник баҳолашда муҳим аҳамиятга эга.