МАГНИТИК ЁЗИШ

МАГНИТИК ЁЗИШ — товуш (нутқ, мусиқа) ни магнитли ахборот элтувчи (магнит лента, магнит диск ва б.) га магнит усулида ёзиб олиш ва қайта эшиттириш. Товушни ёзиб олишда ахборот элтувчи ёки айрим қисмларининг қолдиқ магнит ҳолати товуш сигналларига монанд ўзгаради. Товушни қайта эшиттиришда тескари жараён юз беради ва шунга мувофиқ равишда товуш сигналлари ҳосил бўлади. Ахборот элтувчининг магнитланиш йўналишига, сигналларни ёзиб олиш ва кайта эшиттириш каналларида юз берадиган ўзгариш турига ҳамда магнит каллакка сигнал токидан ташқари қўшимча магнитлайдиган ўзгармас ёки ўзгарувчан ток берилишига қараб, Магнитик ёзишнинг бир неча усуллари қўлланилади. Товушни ёзиб олишда диктофон, магнитофон, тасвир ва товушни ёзиб олишда видеомагнитофон ва ахборотни жуда аниқ Магнитик ёзишда аниқ магнитик ёзиб олиш аппаратларидан фойдаланилади.

Магнитик ёзишда ёзиб олиш канали киришига (мас, магнитофон кучайтиргичига) тушган электр сигналлар кучайтирилади ва ўзгартирилади. Каналнинг охирги қисми магнит каллак ҳисобланади. Магнит каллакда вужудга келадиган магнит майдон каллак чулғамидаги токка мутаносиб бўлади. Магнит майдон ҳаракатланиб турган магнит лентага (ёки магнит диекка ва б.) таъсир қилиб, унинг айрим қисмларини магнитлайди ва магнитли ёзув йўлини ҳосил қилади (товуш магнит лентага ёзилиб қолади). Магнитли ёзув йўли ҳосил бўлган магнит лента сигналограмма деб аталади. Товушни қайта эшиттиришда сигналограмма ҳаракатланиши мобайнида магнит каллак чулғамида ёзиб олинган товуш сигналларини элтувчи э. ю. к. (электр юритувчи куч) ни пайдо қилади. Товушни кучайтириш қурилмаси сигналларни кучайтириб ва товушга айлантириб беради. Товуш радиокарнайлар орқали эшиттирилади. Товушни ёзиб олиш жараёни қанча тез амалга оширилса, товуш шунча сифатли чиқади: мас, товуш частоталари 30 Гц — 16 кГц ораликда бўлган электр тебранишларни магнитофонда ёзиб олиш учун магнит лентанинг ҳаракатланиш тезлиги 9,5 см/с бўлиши кифоя. Видиомагнитофонда 10—15 Мгц гача частоталар оралиғидаги сигналларни ёзиб олиш учун магнит лентанинг ҳаракатланиш тезлиги 50 м/с гача оширилиши лозим.