МАГНИТ ПОТЕНЦИАЛОМЕТР

МАГНИТ ПОТЕНЦИАЛОМЕТР — магнит занжирининг икки нуқтаси орасидаги «магнит потенциаллари» фарқини ёки магнит майдонининг ўртача кучланганлигини ва ёпиқ контурдаги тўла магнит юритувчи кучни ўлчашда ишлатиладиган асбоб. У индукцион, эгилувчан ёки қаттиқ ўзак (каркас) га ингичка сим чулғам бир текис қилиб ўралган индукцион ғалтак (майдон ғалтаги) дан иборат. Турли шаклда (тўғри, ярим ҳалқа ёки ҳалқа) бўлади (расм). М. п. чулғамининг учлари ўлчаш асбобига уланади. Ўлчаш асбоби сифатида баллистик гальванометр ёки микрове-берметр (доимий магнит майдони учун), вольтметр ёки осциллограф (ўзгарувчан магнит майдони учун) дан фойдаланилади. Магнит потенциалометр ғалтаги ўрамининг ҳар бир қатлами ва қадами бир хил қилиб, ҳар бир ўрами магнитланмайдиган материалдан (кичик ўлчамда) ясалади. Шундай шартлар каноатлантирилгандагина Магнит потенциалометр ёрдамида олинган натижалар аниқ бўлиши мумкин. Кўпинча, Магнит потенциалометр эгилувчан қилиб ясалади (шунинг учун катта ёпиқ ҳалқа шаклида бўлади). Бундай Магнит потенциалометр билан магнит занжирининг исталган қисмидаги «магнит потенциаллари» фарқини аниқлаш мумкин. «Магнит потенциаллари» тушунчаси шартлидир, яъни магнит майдони потенциал майдон эмас (чунки магнит майдонининг куч чизиқлари ёпиқ, табиатда магнит заряд йўқ).