МАГНИТ ДИЭЛЕКТРИКЛАР

МАГНИТ ДИЭЛЕКТРИКЛАР (магнит ва диэлектриклар) — магнит киритувчанлиги ва электр қаршилиги юқори бўлган, уюрма токлар кам йўқоладиган материаллар; магнит материалларнинг бир тури. Бир-биридан электр жиҳатдан изоляция килинган ферромагнетик зарралардан иборат бўлиб, улар диэлектриклар б-н ягона массага туташтирилган. Магнит жиҳатдан юмшоқ Магнит диэлектриклар ферромагнит қотишмалар (мас, никелли темир) нинг карбониль темирнинг кукунларига, магнит жиҳатдан юмшоқ ферритларга суюқ шиша, резина ва б. моддалар кушиб олинади. Бундай Магнит диэлектриклардан индуктив ғалтак, юқори частотали трансформаторларнинг ўзаклари тайёрланади. Магнит жиҳатдан қаттиқ Магнит диэлектриклар таркибида никель-алюминий пўлатлар, барий ёки стронций ферритлари, темир-кобальтли қотишмаларнинг кукунларига турли диэлектриклар қўшиб олинади. Улар кичик магнитлар, магнитли ёзиб олиш учун ленталар ва б. ишлаб чиқаришда қўлланилади.