МАҒЖОН (1893, ҳоз. Шим. Қозоғистон вилояти — 1938, Москва) — қозоқ шоири, журналист, маориф арбоби. Қизилжар (ҳоз. Красноярск)даги Эски қозоқ мадрасаси (1905—10), Уфадаги Олия мадрасаси (1910—12), Омскдаги Ўқитувчилар институти (1913—17) да таҳсил олган. Форс, араб, турк, рус тилларини яхши билган, Европа адабиёти билан яқиндан танишган. Алаш Ўрда ҳукуматининг маориф комисси-яси аъзоси (1917), Қозоғистон ҳукуматининг маориф комиссари (1919), «Ҳуррият байроғи» газ. нинг муҳаррири (1920— 22). 1922 й. да Тошкентга чақириб олинади. Бу ерда Туркистон жумҳурияти қошидаги «Қозоққирғиз билим комиссияси» аъзоси, «Чўлпон», «Сана» жур. лари, «Оқ жўл» газ. ташкилотчиларидан бўлди. Москвадаги Олий адабиёт ва санъат интида ўқиди (1923-26).
1924 й. да Москвадаги «Ёшларнинг адабий жамияти»да Мағжоннинг Тошкентда чиқарган шеърий китоби (1923) муҳокама қилинади ва уни миллатчиликни куйлаганлиги, тасаввуфни, тарихни улуғлагани қаттиқ танқид остига олинади. Шундан сўнг Мағжон миллатчи, туркчи, бойлар тарафдори сифатида айбланади. 1927 й. да Қозоғистонга қайтиб, бир муддат Қизилжарда ўқитувчилик қилгач, халқ душмани сифатида қамалади (1929). 1935 й. да Горький ёрдамида қамоқдан чиқади. Бироқ 1937 й. да такрор қамалиб, 1938 й. мартида отиб ўлдирилади. Мағжон 1988 й. да оқланган.
Мағжон хилма-хил мавзуларда шеърлар ёзган. Табиат ва инсон гўзалликларини тасвирлар экан, илҳом ва муҳаббатини, сабру бардошини уларга бўлган самимий эҳтиром билан боғлайди ва ўзига хос услуб яратади («Мен ким?», «Ўт» ва б.).
Мағжон шеърлари «Чўлпон» (1912,Қозон), «Ўланлар» (1922, Қозон), «Мағжон Жумабоев ўланлари» (1923, Тошкент) номлари билан 3 китоб ҳолида нашр этилган. Мағжон 1923—26 й. ларда бошланғич мактаб ўқувчилари учун дарсликлар ёзган.
Бегали Қосимов.