МАДОВТЕПА

МАДОВТЕПА — сўнгги жез ва илк темир даврига оид археологик ёдгорлик (мил. ав. 2-минг йилликнинг охири — 1минг йиллик бошлари). Туркманистоннинг Мисриён воҳасидаги Мадов ш. харобаси яқинида. Мадовтепада 1930 й. да М. Е. Массон, кейинроқ А. А. Марушенко археологик тадқиқот ишлари олиб борган. 1947, 1951—53 й. ларда Мадовтепа Массон раҳбарлигидаги отряд ёдгорликда стационар ва стратиграфик қазишмалар ўтказиб, уни бир неча қурилиш босқичларидан иборат ёшини аниқлаган. Қазиш жараёнида уй-жой қолдиклари ва турли хил археологик материллар топилган. Топилмалар, асосан, нақшсиз кулранг сопол идишлар (тоғора, кўзача, 1 ва 2 қулоқли кўзалар, жўмракли коса, косасимон идишлар), жез шамшир, жез пайкон ва б. дан иборат. Мадовтепа аҳолисининг хўжалигини, асосан, сугорма деҳқончилик ва хонаки чорвачилик ташкил этган.