МАДОИНИЙ

МАДОИНИЙ Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абу Сайф (9-а. нинг 1-ярми) — тарихчи ва адиб. Басрада таълим олган. Бирмунча вакт Мадоин (Месопотамия)да турган (М. нисбаси ҳам шундан), Бағдодда яшаган. Ибн анНадим «Феҳрист» («Мундарижа») номли асарида Мадоиний тўғрисида эслатиб ўтган. Мадоиний ислом, халифалик тарихи, босқинчилик урушлари, қўзғолонлар ҳамда ўлка ва шаҳарлар тарихи, Муҳаммад (сав) таржимаи ҳоллари, адиб ва шоирлар ҳақида 239 та асар ёзган. Мадоиний асарлари кейинги асрларда ёзилган араб тарихчиларининг китобларига асосий манба бўлиб хизмат қилган. «Ахбор ул-хулафо» («Халифалар хабарлари»), «Ахбор қурайш» («Курайш қабиласи хабарлари»), «Китоб футуҳ аш-Шом» («Шомнинг босиб олиниши ҳақида китоб»), «Ахбор шуаро» («Шоирлар солномаси»), «Тарих ал-булдон» («Ўлкалар тарихи») каби асарлар муаллифи.