МАДОҲИЛ

МАДОҲИЛ (араб. — остона, эшик) — чапу рост такрорланувчи лоласимон шаклдаги ислимий нақш тури; нақш мужассамотида бошланғич (чиқиш) нуқта вазифасини ўтайди. 9—13-а. лардан ривож топган. Мадоҳил кўриниши жиҳатидан хилма-хил (ғунча, лола, гул, учбарг ва б.) шакллардан иборат. Меъморлик ва амалий санъатнинг деярли барча соҳаларида кенг тарқалган. Халқ усталари асосий шакл орасига турли хил гуллар киритиб, Мадоҳилнинг гўзал намуналарини яратганлар: лола М. (ғунча, лола шаклига яқин қилиб ишланган), қўш М. занжира (лола, ғунча шаклидаги Мадоҳил бири юқорига, бири пастга қаратиб ишланган), ислимий Мадоҳил (нақш тақсимининг асосини Мадоҳил шакли эгаллаган ислимий нақш тури) ва б.