МАДИЙ

МАДИЙ, Мадиес — саклар шоҳи (мил. ав. 7-а.). Мидия шоҳи Фраорт оссурияликлар билан бўлган жангда енгилгач, ўғли Киаксар қўшинни қайта тузиб, урушга тайёргарлик кўра бошлайди. Геродоттнг ёзишича, Киаксар отаси учун қасос олиш мақсадида Нин ш. га юриш қилиб, оссурияликларни енгади, Нин ш. ни қамал қилган пайтида унинг мамлакати ҳудудига скифлар (саклар) нинг улкан қўшини бостириб киради. Кўпчилик олимлар уларни саклар деб ҳисоблайди. Сакларнинт подшоси Мадий бўлиб, у Партатуй (Протофией)нинг ўғли бўлган. Ғарбий Туркистондан массагетлар томонидан сиқиб чиқарилган (мил. ав. тахм. 720), саклар киммерийларнк Европадан қувиб чиқариб, Осиёда таъқибни давом эттирганлар ва шу тариқа Мидия ерларига бостириб кирганлар. Мадий мидияликларни жангда енгиб, уларнинг қудратини синдирган. Геродотнинг хабар беришича, скифлар бутун Осиё бўйлаб ўз ҳукмронликларини тарқатганлар. Сўнгра М. Мисрга юриш қилган. Фала-стинда Миср подшоси Псамметих Мадийни совғасаломлар билан кутиб олиб, ундан юришни давом эттирмасликни илтимос қилган. Скифлар шу ердан орқага қайтишган. Улар Осиёда 28 йил ҳукмронлик қилганлар. Киаксар Мадийни жангда енга олмаганидан сўнг ҳийла ишлатган. Мадий билан сулҳ тузиб, унинг жангчиларини ярашиш зиёфатига таклиф этади. Уларни то мает бўлгунларигача ичиришган. Сархуш бўлиб қолган Мадий ва унинг аскарларини шу ерда тиғдан ўтказадилар. Айрим тадқиқотчилар (А. Абдураҳмонов) фикрича, Мади туркийча исмдир. Маад қад. туркий тилдаги алп, баҳодир сўзининг синоними шаклидир. Тува тилида бу сўз ҳозиргача сақланиб қолган бўлиб, Маадир шаклида қўлланилади. Яъни Маадботир, баҳодир, — ир эса эр демакдир. Маадирнинг яна бир туркийча кўриниши Алп Эр ҳисобланади… Бу ўринда Мади, Маъди каби номлар ҳоз. туркий, жумладан, ўзбекча исмлар орасида мавжуддир. Баъзи олимлар (Р. Гиршман)нинг фикрича, Мадий қабри Жан. Озарбайжон (Эрон)даги қад. Зивие тепалигида жойлашган.

Ад.: Геродот, История в 9 книгах, Л., 1972.

Фахриддин Ҳасанов.